Кўнгилларда нур, қалбларда мунавварлик

18:06 29 Декабрь 2023 Жамият
801 0

Фото: “Халқ сўзи”

Болажонлар орзиқиб кутадиган Янги йил арчаси Навоий вилоятининг шаҳару туманларида қад ростлаб, унинг атрофи болажонларнинг шўх қийқириғию, қувончларига тўлиб кетди. Турфа ранг чироқ ва тақинчоқлар билан зеб берилган арчалардан таралаётган нур кўнгилларни равшан этиб, мурғак қалбларга мунавварлик ато этмоқда.

Анъанага кўра, “Президент арчаси”нинг асосий шодиёналари бу йил ҳам муҳташам Фарҳод Маданият саройида бўлиб ўтди. Байрам тадбирига вилоят шаҳар ва туманларидан оилавий болалар уйлари ва “Мурувват” уйи тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ўғил-қизлар ва Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фарзандлари таклиф этилиб, вилоят ҳокими Нормат Турсунов уларни кириб келаётган 2024 йил билан Юртбошимиз номидан қутлаб, Президент совғасини топширди.

Болакайлар осмонга қадар бўй чўзган арча атрофида эртаклар сеҳрли оламига сайр қилдилар. Театрлаштирилган томошаларда бевосита иштирок этишиб, Янги йилга ўзлари тайёрлаган дастурларни намойиш этишди. Томошалар уларга олам-олам қувонч бахш этаётганлигини болажонларнинг шўх-шодон кулгиси ҳамда мамнун нигоҳларидан ҳам илғаш қийин эмас.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?