“KNAUF” компанияси Янги йил арафасида ўзбекистонлик бемор болажонларга совғалар ҳадя қилди

13:57 27 Декабрь 2019 Жамият
391 0

“Халқ сўзи ONLINE” Истам Иброҳимов/Бухоро. Ҳаётда шундай болалар борки, уларга ширинликлар, ўйинчоқлардан ҳам кўра муҳимроқ нарсалар керак.

Республикамизда йирик лойиҳаларни рўёбга чиқаргани билан танилган “KNAUF” компанияси вакиллари “Болажонларга қандай совғалар ажратсак экан”, деган масала устида мулоҳаза юритар эканлар, ана шундай фикрга келишди. Шу хулоса уларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйига бошлади.

— Бу болажонларнинг саломатлигини қайтаришга қурбимиз етмайди, лекин уларга қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатишимиз мумкин, — дейди “KNAUF”нинг мамлакатимиздаги корхоналари бош директори Дмитрий Дерипалко. — Мазкур маскан учун бадан увишишига қарши 30 та махсус тўшак ҳамда паст частотали “Радиус – 01 ФТ” тиббий ускунаси харид қилдик. Бу совғамиз болажонлар саломатлигининг яхшиланишига кўмак беради, деган умиддамиз.

Айтиш жоизки, увишишга қарши матраслар фалажга учраган болалар танаси юмшоқ тўқималарининг жонсизланиши олдини олишга имкон беради. “Радиус – 01 ФТ” ускунаси эса бўғинлар оғриғи, яллиғланиш, қон айланишининг бузилиши каби нохуш ҳолатларда асқатади.

— Бу совғаларнинг ҳар бири биз учун қадрли, — дейди муассаса раҳбари Шоира Шамсиева. — Масканимизда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган ногиронлиги бўлган 280 нафар бола тарбияланмоқда. Уларнинг 134 нафари ётоқда. Бошқача айтганда, мустақил ҳаракатлана олмайди. “Радиус – 01 ФТ” тиббий ускунаси айниқса, шундай болажонларни даволашимизда сув ва ҳаводек зарур. Негаки, у биратўла учта операцияни бажара олади. Уни тўшакдаги бола ёнига этиб, муолажа ишларини олиб бориш мумкин. Ваҳоланки, мавжуд турдош тиббий ускуналар бир функцияли бўлиб, имкониятлари бир мунча чекланган. Яна бир жиҳати шундаки, “KNAUF” компанияси ҳадя қилган ускунада электруйқу муолажаси ҳам бор. У боланинг асаб тизимини тинчлантиради, тинч ва осойишта ухлашига имконият яратади.

Айтиш ўринлики, совғаларни топшириш маросими бу ердаги Янги йил тадбирига уланиб кетди. Интернат уй жамоаси томонидан тайёрланган байрам дастури кўнгилларга бир дунё завқу шавқ бағишлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?