Китоблар — тафаккур чашмаси

15:44 02 Июнь 2023 Жамият
1540 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам кенг нишонланди. Ўтказилган турли маънавий-маърифий тадбирларда халқимизнинг эртамиз эгаларига эътибори, меҳру муҳаббати яна бир бор намоён бўлди.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан пойтахтимиздаги “Dream Park” маданият ва истироҳат боғида ташкил этилди. Ушбу “Болалар китоб фестивали”нинг очилишида юртимизда навқирон авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани таъкидланди.

Тадбир доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокида давра суҳбатлари, китоб муаллифлари билан ижодий учрашувлар ҳамда 30 дан ортиқ нашриёт-матбаа корхоналари иштирокида арзонлаштирилган китоб савдо кўргазма-ярмаркалари ўтказилмоқда.

— Болалар — ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз бунёдкорларидир, — дейди болалар шоири Ориф Тўхташ. — Шу боис уларнинг соғлом, жисмонан бақувват, маънан етук бўлиб улғайиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ушбу тадбир билимлар манбаи — китоблар билан боғлиқлиги ҳам бежиз эмас. Чунки фарзандларимизда китобга, мутолаага муҳаббат туйғусини уйғота олсак, миллатимиз эртасидан хавотир олмасак ҳам бўлади. Зеро, китоблар — тафаккур чашмасидир.

Истироҳат боғи болаларнинг шўх-шодон кулгуси билан тўлиб-тошди. Ўғил-қизларнинг кўзларига қараб келажакка бўлган ишончни, бугунги дориломон кунларнинг севинчини сезиш қийин эмас.

Фестиваль шу йилнинг 3 июнигача давом этади.

                                                           

Раҳматжон БОБОЖОНОВ (“Халқ сўзи”).

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?