Кимлар бола асраб олишга ҳақли?

07:33 02 Октябр 2021 Жамият
348 0

Халқимиз болани ниҳолга қиёслайди. Бу бежиз эмас. Фарзандларимиз тарбияси билан қанчалик кўпроқ шуғуллансак, улар учун зарур шарт-шароит ва қулайлик яратиб берсак, вақти келиб, улар алп “чинорлар”га айланади ва мамлакатимиз тараққиёти учун барча масъулиятни зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб камолга етади.

Ялпи мажлисда маъқулланган “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Маълумки, амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахсларнинг вояга етмаган болани фарзандликка олишига йўл қўйилмайди.

Энг ёмони, бу норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари учун ҳам татбиқ этиб келинмоқда.

Бу фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олишга, шу жумладан, бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, юқорида номи айтиб ўтилган қонун ишлаб чиқилди. Ушбу қонун билан Оила кодексига ҳамда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун билан фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар рўйхатида муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олишга тақиқ ўрнига қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб шахсга фарзандликка олишни тақиқлаш қоидаси жорий этилмоқда.

Фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларнинг ҳам бу борадаги ҳуқуқлари чекланмоқда.

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?