Ким маҳалла раиси бўлиши керак?

19:07 13 Май 2022 Жамият
496 0

Фото: Иллюстратив фото

Маҳалла – халқ билан мулоқотнинг энг муҳим бўғини сифатида жамиятимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади. У дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб институт ҳисобланади.

Маълумки, жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугайди. Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг шу йил 16 март кунги йиғилишида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайловини 2022 йилнинг май ойида ўтказиш тўғрисида қарори қабул қилинди.

Шу куни Кенгаш қарори асосида ушбу сайловни муносиб тарзда ўтказиш учун Республика кўмаклашувчи комиссияси ташкил этилди ва унинг иш режаси тасдиқланди. Муҳим жараёнга тайёргарлик жараёнида барча маҳаллаларда ишчи гуруҳлар фаолияти шакллантирилиб, улар томонидан мазкур сайловни қонун устуворлиги тамойили бўйича ўтказиш юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Демак, номзодга қўйиладиган талаблар қуйидагича:

номзодлар, аввало, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши лозим. Ташкилотчилик қобилиятига, иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши зарур.

Маҳалла раиси (оқсоқоли) қандай ваколатларга эга?

фуқароларнинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида ёки фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза бериш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этиш, етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашиш;

оилаларда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаш, шунингдек, мазкур ҳолатлар тўғрисида реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларини ҳамда ички ишлар органларини зудлик билан хабардор қилиш ваколатига эга.

Сайлов қандай тартибда ўтказилади?

Сайлов 5 кун олдин шу маҳалла аҳли учун эълон қилиниши керак. Сайловда фуқароларнинг вакиллари овоз беради. Вакиллар сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши зарур. Айтайлик, маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштироки таъминланиши лозим.

Сайлов куни, аввало, номзодларнинг маҳалла учун қандай ишларни амалга оширишни режалаштираётган бўйича ҳисоботи эшитилади. Ҳисобот тинглангандан кейин вакил кабинага кириб, бюллетенни тўлдиради ва сайлов қутисига ташлайди. Бюллетенларни санаш шу ернинг ўзида – вакилларнинг кўз ўнгида амалга оширилади. Натижалар ҳам шу жойнинг ўзида эълон қилинади. Агар тўпланган овоз 50 фоизга етмаса, қайта овоз бериш жараёни ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, келаси ҳафта, яъни 16 майдан юртимизда маҳалла раислигига сайловлар бошланади.

Абдулазиз ҲАМДАМОВ,

ҳуқуқшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер