Кичик цехдаги катта ютуқлар

18:02 15 Декабрь 2023 Жамият
276 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ишли бўлиш фақат моддий даромад топиш манбаигина эмас. Бу кишининг ҳаётига мазмун бағишлайдиган, уни янги-янги режалар, мақсадлар сари бошлайдиган восита ҳамдир.

Қамаши туманининг Зафар маҳалласида яшовчи Сурайё Алламуродова ҳам бундан икки йил аввал уйда ишсиз, даромадсиз ўтирган бўлса, бугун ҳудуддаги энг фаол тадбиркор аёллардан бирига айланган. Олдида амалга оширмоқчи бўлган ишлари, янги-янги режалари, мақсадлари бисёр.

— Ёшлигимда тикувчилик ҳунарини эгаллаган бўлсамда, бу фаолият билан деярли шуғулланмаган эдим, — дейди у. — Аммо аёл кишининг уйда бекор ўтириши ҳам қийин экан. Ўтган йили рўзғорга қўшимча даромад бўлар, деган илинжида уйда кўрпа, кўрпача тикиб сотишни бошладим. Ишим тезда ривожланиб кетди, кўплаб буюртмалар ола бошладим. Бу мени фаолиятимни янада кенгайтиришга ундади. Шу мақсадда кўрпа, кўрпача қавишда фойдаланиладиган замонавий технология, янги тикув машиналари харид қилдим. Яна уч нафар чевар аёлни ишга чорладим.

Айни пайтда Сурайё Алламуродованинг уйи ёнидаги кичик цехида кунига 100 тадан ортиқ кўрпа-кўрпача тайёрланмоқда. Эътиборли томони, тайёрлаган маҳсулотнинг барчасини Тошкент шаҳридаги савдо шохобчаларидан бири харид қилаётган экан. Бундан ташқари, туманнинг ўзидаги тадбиркорлар, аҳолидан ҳам буюртмалар кўп, лекин барчасига улгуриш имконсиз. Бу эса тадбиркорни фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга илҳомлантирмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?