Хусусий йўллар қурилиши учун қонунчилигимизда ҳуқуқий асослар яратилганми?

23:07 10 Июнь 2022 Жамият
439 0

Маълумки, давлат иқтисодиётининг фаол ўсиши йўлларнинг сифати ва йўл тармоғи инфратузилмаси билан бевосита боғлиқ ҳисобланади. Йўл тармоғи ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши иқтисодий алоқаларнинг интенсивлигини белгилайди ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Сўнгги йилларда йўл қурилиши соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ишларни ташкил этишнинг илғор хорижий услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 27 ноябрдаги ПҚ-4035-сон ва «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПҚ-4143-сон қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги «Ўзбекистон Республикасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган йўл қурилишини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 425-сон ва 2022 йил 2 февралдаги «Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 49-сон қарорлари бу соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Жумладан, «Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига кўра, 2022 йил 1 июлдан автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган «Шаффоф йўл» платформаси ишга туширилиши, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилиши белгиланди.

Бироқ, мамлакатимизда хусусий йўллар қурилишига оид умумий ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган бўлсада, бугунги кунга қадар хусусий йўллар қурилиши амалга оширилмаган.

Маълумот учун: Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш соҳасида ишларни ташкил этишнинг илғор хорижий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 27 ноябрдаги ПҚ-4035-сон қарори қоидалари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.12.2018 йилдаги 990-сонли «2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарорида инвесторлар ва тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида пуллик магистраль йўллар қуриш учун йўл ва ер участкалари берилиши белгиланган.

2019 йил 29 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиётига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, яқин йилларда «Тошкент–Андижон» ва «Тошкент–Самарқанд» йўналишлари бўйлаб пулли автомобиль йўллари қурилиши белгиланди.

Амалдаги қонунчилик таҳлили мамлакатимизда хусусий йўл қурилишини бевосита тартибга солиш учун ҳуқуқий асослар етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Жумладан, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасида ҳақ тўланадиган автомобиль йўллари соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солиниши белгиланган бўлсада, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мазкур муносабатлар тартибга солинмаган. Шунингдек, хусусий йўллар қурилиши давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида ташкил этилиши сабабли мазкур соҳадаги умумий масалалар «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун билан белгиланса-да, хусусий йўллар қурилишини махсус тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Жорий йилнинг 7 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам транспорт соҳасига хусусий инвесторларни жалб қилиш ишлари сустлиги таъкидланган. Жумладан, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишидаги тезюрар автомобиль йўлларини қуриш бўйича хусусий шериклик лойиҳалари қониқарсизлиги мисол сифатида келтириб ўтилган.

Шу сабабли, бугунги кунга қадар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида қолмоқда («Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонуннинг 9 ва 10-моддалари).

Маълумот учун: Умумий фойдаланишдаги йўллар 42654 км. Ҳозирги кунда автомобиль йўлларининг 3993 км (9 фоизи) халқаро, 14 203 км (33 фоизи) давлат ҳамда 24 673 км (58 фоизи) маҳаллий аҳамиятдаги йўллар ҳисобланади.

Мазкур соҳада хусусий сектор улушининг мавжуд эмаслиги натижасида ушбу соҳага ажратилаётган давлат харажатлари ошиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан аҳоли пунктларида ички йўлларни ҳамда улардаги кўприкларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун 2,1 трлн сўм, 2022 йилда Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасига трансфертлар 4, 8 трлн. сўм ажратилган. Ҳукумат томонидан йўллар қурилишига 1 млрд. 600 млн. долларга яқин ташқи қарз маблағлари жалб этилган.

Таъкидлаш керакки, хусусий йўллар тирбандликларни олдини олишда, давлат бюджетидан йўл қурилиши учун сарфланадиган харажатларни камайтиришда, фойдаланувчиларга қулайлик яратишда муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли барча давлатларда бундай йўлларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.

Хорижий ривожланган давлатларда бугунги кунга келиб пулли автомагистраллар тизими Европа, Осиё, Америка, Австралия ва Африка қитъаларидаги кўплаб давлатларни қамраб олган. Бугунги кунда нафақат мамлакат ичидаги шаҳарлараро йўллар, балки бир неча давлатлар ҳудудидан ўтувчи йўллар ҳам хусусийлаштирилмоқда.

Маълумот учун: Бугунги кунда дунё миқёсидаги пулли йўлларнинг 70 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хорижий давлатларда йўлларда хусусий сектор иштирокининг энг кенг тарқалган қонуний воситаси бу концессиядир. Концессия шартномасига кўра, хусусий сектор фирмаси йигирма ёки ўттиз йил давомида йўлни қуради, унга техник хизмат кўрсатади, ундан фойдаланади ва молиялаштиради. Ҳукумат хусусий фирмага йўл фойдаланувчиларидан тўлов ундириш ҳуқуқини беради.

Масалан, Хитойда пулли йўллар қуриш учун хусусий пудратчига ер ажратиш ва фаолиятини амалга ошириш учун шартномалар тузилиб, шартномада йўллар муайян муддат 15 ёки 25 йилдан сўнг давлатга ўтиши, давлат эса ўз навбатида уни бепул, яъни умумфойдаланиладиган йўлга айлантириши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, Хитойнинг «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонунида хусусий йўллар қурилишини ташкил этишга оид нормалар мавжуд. Жумладан, бу жараён қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Магистраль йўл органлари томонидан жисмоний, юридик шахслар ёки гуруҳлар томонидан қуриладиган автомобиль йўллари тизимлари ва ёрдамчи лойиҳаларни, жумладан, йўл бўйлаб тўхташ жойларини қуриш бўйича эълон бериш;
  • Давлат ёки хусусий муассасалар томонидан ариза, қурилиш таклифи, молиявий таклиф, тайёргарлик даври жадвалидан иборат лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлатиш учун автомобиль йўллари органларига мурожаат қилиш;

3) Автомобиль йўллари органлари томонидан автомобиль йўллари ва ёрдамчи лойиҳаларни қуриш учун берилган аризаларни қуйидагиларга мувофиқ кўриб чиқиш:

- қурилиш таклифининг мақсадга мувофиқлиги.

- молиявий таклифнинг мақсадга мувофиқлиги.

- Ҳукумат томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг мақбуллиги.

4) Автомобиль йўллари ва ёрдамчи лойиҳаларни қуришга розилик бериш.

Жанубий Кореянинг 2017 йил 21 мартдаги 14717-сонли «Пулли йўл ҳақида»ги Қонунига (Tool road act) кўра, хусусий субъектлар давлат-хусусий шерикчилиги асосида пулли йўлларни қуриш ёки модернизация қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Уларнинг соҳа доирасидаги фаолияти мазкур Қонундан ташқари «Инфратузилма соҳасидаги давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида»ги Қонуни билан ҳам тартибга солинади. Ушбу Қонуннинг 26-моддасига кўра, агар инфратузилма лойиҳасини амалга оширган концессионер қурилиш тугаганлиги тасдиқловчи сертификатни олган бўлса, ваколатли орган томонидан концессионерга бошқарув ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Ирландияда «Йўллар тўғрисида»ги Қонунининг 5-бобида келтирилишича, пулли йўлларни қуриш давлат томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида ёки мустақил хусусий субъектлар ташаббуси орқали амалга оширилади. Хусусий тадбиркорлар ўзлари ташаббус кўрсатган йўллардан фойдаланилган транспорт тўловларини ундириш ҳуқуқига эга.

Транспорт воситаларидан тўловларни йиғишда қуйидагилар бажарилиши керак:

  • фуқароларни таклиф этилаётган йўл қурилиши тўғрисида хабардор қилувчи оммавий эълон бериш;
  • тўлов схемаси лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • пуллик йўл жойлашган ҳудуддаги маҳаллий ҳокимият органларига хабар бериш.

Мудофаа кучларига тегишли бўлган ва расмий мақсадларда фойдаланиладиган транспорт воситалари, ўт ўчириш бригадалари ва тез ёрдам машиналари, шу жумладан, айрим транспорт воситалари пуллик тўловлардан озод қилинади. Шунингдек, ногирон ҳайдовчилар ёки йўловчилар учун мослаштирилган транспорт воситалари ҳам тўловдан озод қилиниш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, электр транспорт воситалари ҳам паст эмиссияли транспорт воситалари учун тўловни рағбатлантириш схемаси бўйича чегирмали тўловларни амалга оширади.

Йўллардан фойдаланиш тўловлари нақд пулда ёки “eToll” теги орқали онлайн тўланиши мумкин.

Агар йўлдан фойдаланиш тўлови тўланмаса, ушбу тўловлар ва жарималар жиноий ёки фуқаролик процессуал тартибида ундирилиши мумкин. Дастлабки қоидабузарлик учун жарималар (мазкур жариманинг тўланиши йўлдан фойдаланганлик тўловини тўламасликни англатмайди) ўтказиб юборилган кунларга мос равишда 3-148 € ташкил этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, республикамизда ҳам концессия шартлари асосида хусусий йўллар қурилишини бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилади.

Йўл қурилиши соҳасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан таҳлил-тадқиқот ишлари амалга оширилган.

А. САФАРОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер