Ховосда каннабис ёғининг тақдимотига бағишланган технологик кўргазма ўтказилди

12:57 29 Ноябрь 2022 Жамият
280 0

Фото: Халқ сўзи

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги «Сирдарё вилоятида агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Ховос туманида Бирлашган Араб Амирликларининг «Industrial Innovation Group LLC» компаниясига тегишли «RS Success Agro» биотехнологик индустриал агрокомплекси ташкил этилган эди.

Саноатбоп каннабис ўсимлигининг селекцияси ва уруғчилигидан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган қўшимча қўшилган қиймат занжири яратилган ушбу корхонада бугунги кунда 226 нафар киши доимий ва 66 нафар киши мавсумий иш билан таъминланган.

Куни кеча биотехнологик индустриал агрокомплекси томонидан 2022 йил ҳосилидан олинган “Leodar” каннабис ёғининг тақдимотига бағишланган технологик кўргазма ўтказилди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев ва Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги элчиси доктор Саид Матар Ал-Қамзий ва бошқалар иштирок этди. Ишга туширилаётган лойиҳа ўзининг ноёб технологик устунликлари ва юқори ишлаб чиқариш қуввати билан алоҳида ажралиб туриши, қолаверса, Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги илк лойиҳа экани таъкидланди.

Ишлаб чиқарилган каннабис ёғи учун Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг хавфсизлик хулосаси, шунингдек, Хитой, АҚШ, Швейцария, Словакия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия сертификатлаштириш муассасаларининг сифат ва хавфсизлик сертификатлари олинган. Мутахассислар томонидан ушбу маҳсулотда тетрагидроканнабинол моддаси мавжуд эмаслиги алоҳида қайд этилган.

Кўргазма давомида каннабис ёғини қуйиш, маҳсулотни стерилизация қилиш, ёпиш, қадоқлаш ва ёрлиқлаш учун автоматлаштирилган линиянинг ишлаши намойиш этилди. Илғор технологик линиялар энг юқори маҳсулот сифатини таъминлаш ва ёғнинг барча фойдали хусусиятларини сақлаб қолиш имконини беради. Линия соатига 1 500 та шиша идишни тўлдириб, қадоқлайди.

Компания бош директори Робия Ибрагимованинг сўзларига кўра, маҳсулотни яратиш энг яхши уруғни танлаш билан бошланади. Ўсимликлар инновацион тизим ёрдамида томчилатиб суғорилади. Замонавий техника ҳосилни эҳтиёткорлик билан йиғиб олади. Ёғни олишда совуқ пресслаш усули қўлланилади. Бу маҳсулотнинг барча фойдали моддаларини термал ва кимёвий ишлов бермасдан сақлаб қолишга имкон беради.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер