Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

17:39 27 Июль 2022 Сиёсат
394 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

   Бугун 27 июль куни Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг мажлиси ўтказилди, мажлисни Комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди. Унда Республика ва ҳудудий Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

   Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг март ойида оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш юзасидан қабул қилинган Президент Фармони ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросининг бориши муҳокама қилинди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

   Сенат Раиси кириш сўзида таъкидлаганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг манфаатини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда.

   Хусусан, 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони, 2 та қарори ва 14 та Ҳукумат қарори) лойиҳалари ишлаб чиқилди ва белгиланган тартибда Ҳукуматга киритилган. Улардан 3 таси қабул қилинган ва ижрога қаратилган.

   Шунингдек, Мазкур қарорлар билан, ушбу йўналишдаги ишларни тартибга солувчи 4 та Низом, 1 та “Йўл харита” ва 1 та прогноз кўрсаткич тасдиқланди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

   Ҳамда, Республика комиссияси томонидан маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ишини самарали ташкил этиш ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш масаласида намунавий тизим яратиш тартиби ишлаб чиқилди, ушбу жараёнда мутасадди вазирлик, идораларнинг ва уларнинг қуйи тузилмаларининг вазифалари ишлаб чиқилиб, Республика комиссияси аъзолари ҳудудларга бириктирилиб  жойларда мазкур тартиб асосида ишлар ташкил этилди.

  Қолаверса, Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан алоҳида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

   Мажлис доирасида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг “2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022 – 2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси”да белгиланган вазифалар ижросининг бориши юзасидан ҳисоботи эшитилди.

   Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан ҳудудларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастури шу кунга қадар қабул этилмагани, раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича ўқувлар бошланмаганлиги, хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш ишлари суст бораётганлиги, шу билан бирга, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилиш ишларига етарли эътибор қартилмаётганлиги танқид қилинди.

   Бундан ташқари, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга муҳтож бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни белгилаш, аёл тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун халқаро молия институтларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш ишлари суст олиб борилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

   Муҳокамалардан келиб чиққан ҳолда, йил якунига қадар Давлат бошқаруви академиясида 100 нафар истиқболли хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадларида ўқитилишини ҳамда уларнинг миллий кадрлар захирасига киритилишини ташкил этиш, жорий йилнинг сентябрига қадар ҳар бир туманда камида биттадан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

   Жумладан, Комиссиянинг ҳудудларга бириктирилган аъзоларига ҳар ойда ҳудудларда Президент фармони ва қарорларида белгиланган вазифалар ҳамда комиссия мажлисларида берилган топшириқлар ижросининг боришини, унинг сифатини манзилли таҳлил қилиб бориш, Республика даражасида ҳал этиладиган муаммоларни тегишли вазирлик ва идора билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўриб бориш ҳамда натижалари бўйича Республика комиссиясига ахборот киритиб бориш топширилди.

   Мажлис сўнггида Комиссиянинг навбатдаги мажлисларида ушбу топшириқлар ижросининг бориши юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудуд раҳбарлари ва Комиссия аъзоларининг ахборотларини эшитиб бориш белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер