Хотин-қизлар жамият ривожининг муҳим бўғинидир

12:53 23 Август 2022 Жамият
358 0

Фото: Халқ сўзи

Халқнинг эртасини, ойдинларини аёллар тарбиялайди. Оналар миллат келажагини илм-фанда, маърифатда кўради. Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳам хотин-қизларини илмли қилишдир. Юртимизда бу борада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларни олий таълимга кўпроқ жалб қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, замонавий касбларга йўналтириш жадал суръатларда бўй чўзяпти. Ўтган йиллар оралиғида жамиятда аёллар ролини ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун «ижтимоий лифт» тамойили асосида хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш мақсадида алоҳида грант ўринлари икки баробарга оширилган эди. Жорий йилда ҳам бу эзгу ташаббус давом эттирилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда таълим ташкилотларида ўқишни истовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир аниқ вазифалар белгилаб берилган. Мазкур қарорга асосан 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олишлари учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиш кўзда тутилмоқда. Фоиз ставкаси юқори бўлмаган ва ўқишни тугатгандан сўнг сўндириладиган бу имтиёзли кредитлар ўқиш истагидаги миллионлаб қизлар учун катта имкониятдир. Яъни ушбу кредитни талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилиши белгилаб қўйилди.

Ҳар йили кўплаб қиз-аёллар айнан тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилинадилар, аммо моддий тўсиқлар туфайли ўқишни давом эттира олишмайди. Афсуски, қизларни олий ва профессионал таълимга жалб этиш борасида охирги йилларгача йирик қадамлар ташланмагани ҳам айни ҳақиқат. Аммо сўнгги йилларда айнан хотин-қизларни таълимга жалб этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. 2020 йилда олий таълим муассасаларига грантлар сонини икки баробар ошириш, хусусан, қизлар учун алоҳида грантлар ажратиш белгиланди. 2021−2022 ўқув йилида ОТМларга қабул қилишнинг давлат буюртмасига оид президент қарори лойиҳасига кўра тавсияномага эга хотин-қизлар учун 2000 нафар қўшимча давлат гранти ажратиш кўзда тутилди. Янги ўқув йилидан бошлаб эса магистратурада ўқиётган қизлар контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Қолаверса, ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизлар (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади. Бундан ташқари докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади. Бу каби имтиёз ва қулайликлар энг аввало, миллат оналарини ўқимишли ва зиёли қилиш, Ватан келажаги ҳақида қайғуриш, учинчи ренессанс пойдеворларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим омилдир.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаларининг катта қисмини айнан хотин-қизлар ташкил этади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим олишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш университет жамоасининг асосий мақсадларидан биридир. Умид қиламизки, яқинлашиб келаётган янги ўқув йилида ҳам юртимизнинг кўплаб ёшлари, ақлли ва зукко қизлари, университетимиз талабалари сафига қўшиладилар.

Гулноза Жўраева,

ТошДЎТАУ хотин-қизлар кенгаши раиси, 

филология фанлар доктори.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер