Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур ишлаб чиқилади
Архив сурат
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик сабаб, «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси» сари тамойили асосида улуғ мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида шижоатли, фидойи опа-сингилларимиз фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи ва тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, ижтимоий, сиёсий стратегияларда хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштироки таъминланмоқда. Давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидан тортиб, уни ҳаётга татбиқ этиш жараёнигача улар бевосита иштирок этмоқда.
Шунингдек, жойларда ҳар бир ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар билан манзилли ишлаш мақсадида 2020 йилдан бошлаб «Аёллар дафтари» ташкил этилди. Айни кунга қадар унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилди. Ушбу дафтарга киритиладиган аёллар рўйхатини шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Бугунги кунда ушбу кенгаш томонидан хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ҳамда ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг юксак чўққиларига элтувчи улкан мақсад ва вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни амалга оширишда эса, хотин-қизларнинг ўрни ҳар қачонгидана ортиб бормоқда. Шу боис, куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, ҳар бир маҳалла кесимида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошириладиган ишларни ўз вақтида ва самарали таъминлаш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Ушбу қўмитага ўз фаолиятини Республикамизнинг барча ҳудудида тўлақонли амалга ошириши учун Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда «Аёллар дафтари» жамғармасини мустақил бошқариш ваколати ва юртимиздаги 9 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосари лавозимлари қўмита тизимига ўтказиб берилиши таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор йўналишлар белгиланганлиги, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бунинг учун эса, жорий йилда бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Яна бир муҳим янгилик, бу келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши ҳамда таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тизимининг жорий этилиши бўлди. Ушбу ташаббус минглаб оилалар ва уларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг кўнглига қувонч ва ёруғлик олиб кирди.
Сабаби, бугунги кунда минг афсуски, оилада ва жамиятда зўравонликка учраб келаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги, ҳаётда ўз касбига эга бўлмаган, ўқимаган аёллар бўлиб қолмоқда. Эндиликда, ўқиб таълим олиш ҳамда ўзи қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлишни истаган ҳар бир хотин-қиз таълим олиб ўз келажагини қуриш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, бўлғуси оналаримизнинг билимли ва дунёқараши кенг шахс сифатида тарбияланиши, бизнинг буюк халқ бўлиб шаклланишимизда, Ўзбекистон ўз олдига мақсад қилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларни ҳар томонлама етук бўлиб тарбияланишида оналаримизнинг ўрни беқиёс.
Мухтасар қилиб айтганда, жамиятда хотин-қизларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик яқин келажакда ўз натижасини кўрсатади. Сабаби, аёл раҳбар ва кадрлар нафақат ўзлари каби минглаб оналар, опа-сингиллар дардини тинглаб муаммоларини ҳал қилиши, шу билан бирга, улар жамиятдаги ҳеч бир адолатсизликка бефарқ қараб тура олмайди. Уларнинг тизимли қўллаб-қувватланиши эса, оилаларимиз фаровонлиги, жамиятимиз тараққиёти ва юртимиз равнақи йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг