Хотин-қизлар ўқиши учун  кредитлар ажратилади

14:34 20 Август 2022 Жамият
855 0

Фото: Иллюстратив cурат

Вазирлар Маҳкамасининг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таълим олиши учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Унга кўра, Республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли бўйича талаба хотин-қизларнинг контракт тўловлари учун 14 фоиз ставкасида таълим кредити ажратилади.

Таълим кредити ажратадиган тижорат банклари рўйхати Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Таълим кредити кредит олувчи томонидан таълим ташкилотида таълимнинг тегишли тури бўйича расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Кредитнинг фоиз тўловлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Низомга кўра, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди.

Таълим кредитлари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган республикадаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий, давлат, нодавлат, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, уларнинг филиалларида), шу жумладан, қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриат, магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган ёки тавсия этилган, ўқишини кўчирган, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган талаба хотин-қизларнинг контракт тўловларини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган лимит доирасида маблағлар етарли бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, контракт тўловлари қоплаб берилмаган талаба хотин-қизларга ажратилади.

Бунда кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи) ёки учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида таълим кредити шартномасида қатнашишлари мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер