Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

22:07 31 Март 2023 Жамият
492 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 38 та хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг 37 та дипломатик ваколатхоналари ва 17 та консуллик муассасалари фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган 2022 йил давомида хориждаги юртдошларимизга консуллик ёрдамини кўрсатиш соҳасида 212.079 та ҳаракатлар амалга оширилган бўлса, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган 78.815 та консуллик-ҳуқуқий хизмати кўрсатилган.

Хусусан, 23.340 та хорижга чиқиш биометрик паспортлари ва хорижда ҳужжатсиз қолиб кетган фуқаролар учун 38.697 та Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган. Шунингдек, 1.103 та фуқаролик ҳуқуқига оид суд ва тергов топшириқларининг ижроси таъминланган. 47.057 та расмий ҳужжатлар легаллаштирилиб, апостиль қилинган бўлса, 1.246 та ватандошларимизнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланган ва 757 та судланмаганлик тўғрисида ҳужжатлар талаб қилиб олинган.

Қолаверса, 1.860 та эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янгисига алмаштирилиб, 4.666 та фуқароликдан чиқиш ва фуқароликни йўқотиш юзасидан ҳужжатлар кўриб чиқилган ҳолда, 673 нафар ёшларга 98.531 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига енгиллик яратиш, уларнинг вақт ҳамда транспорт харажатларини қисқартириш мақсадида 32 турдаги консуллик хизматларининг 16 таси тўлиқ рақамлаштирилди. Хусусан, “Интерактив консуллик хизматлари”, “Е-фуқаро”, “Паспорт” ва “Е-нотариат” ахборот тизимлари яратилди.

2022 йил давомида Россияда бўлиб турган фуқароларимизнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ҳамда хориждаги юртдошларимиз ва чет эл фуқароларига электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш каби янги консуллик хизматлари жорий этилган.

Хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалар ёрдамида 306 та йирик иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан музокаралар олиб борилиб, уларнинг 112 таси билан шартномалар тузилди ва жами ҳамкорлик шартномалари сони 509 тага етган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хорижда турли оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолаётган фуқароларимиз билан боғлиқ вазиятлар кунлик мониторинг қилинмоқда. Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан дипломатик ваколатхоналар томонидан тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.

Йиғилишда кун тартибидаги ушбу масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахбороти ҳам тингланди.

Ахборотда келтирилганидек, айни вақтда меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида алоҳида бошқарма, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида “Call-марказ”, 1282-ишонч телефони, Россияда 16 та, Жанубий Корея, Қозоғистонда ва Туркияда 1 тадан ваколатхона ва вакиллик офислари фаолият кўрсатмоқда.

Вазирлик ва Агентлик ишчи гуруҳларининг ўтган 2022 йилда 18 маротаба, жорий йилнинг январь ойида 4 маротаба хорижга амалга оширилган хизмат сафарларида 11 мингдан ортиқ меҳнат мигрантлари шароитлари ўрганилиб, муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган.

Таҳлилларга кўра, ишга муҳтож бўлганлар 1,3 млн кишини, ишсизлик даражаси ўртача 8,9 фоизни, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантлари сони 2,1 млн. кишини, уларнинг 596,1 минг нафари хотин-қизларни, 748,4 минг нафари ёшларни ташкил этган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик географиясини кенгайтириш мақсадида 2022 йилда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан биргаликда 95 та тадбир ўтказилди ва ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.

Эшитув давомида депутатлар қилинган ишларни эътироф этиб, ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хорижий давлатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиблари тўғрисидаги маълумотларни фуқароларга етказиб беришдаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш лозимлигини қайд этдилар.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер