Хорижда очилган сайлов участкалари фаолияти қониқарлими?

10:14 04 Декабрь 2019 Жамият
1043 0

Архив фото

Марказий сайлов комиссияси томонидан чет давлатларда очилган сайлов участкалари фаолиятини қонунчилик талабига биноан ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришда муҳимдир.

МСКнинг навбатдаги йиғилишида ана шу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Анқара шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси билан ўрнатилган видеоконференцалоқа орқали мамлакатимизнинг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаевнинг ахбороти тингланди.

Элчининг маълум қилишича, Анқара ва Истанбул шаҳарларида очилган сайлов участкалари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилигига мувофиқ ташкил қилинган. Айни чоғда сайловчилар рўйхатини тузиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Сайловчиларга хорижда овоз бериш борасида яратилган қулайлик ҳақида кенг тушунтириш бериляпти. Тахминларга кўра, Туркияда яшаётган 90 фоиздан ортиқ ҳамюртларимиз сайловда қатнашади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз сайлов ҳуқуқларидан тенг, фаол ва тўсиқсиз фойдаланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Мазкур масала Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбе¬кистон карлар жамияти ўртасида шу йил 27 сентябрь куни имзоланган икки томонлама келишувларга мосдир.

Тадбирда сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш иши изчил давом этаётгани ҳам таъкидланди. Ҳозирги кунгача аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари 254 тани, шундай ваколатга эга бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари 85 тани ташкил қилди.

Ўз навбатида, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар миссиясининг 28 нафар ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси кузатувчилар миссиясининг 65 нафар халқаро кузатувчиси аккредитациядан ўтказилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирадиган ¬бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер