Хориж мутахассислари: «Омикрон» штаммининг сўнгги вариантлари янги аломатлар билан намоён бўлмоқда

11:40 24 Август 2022 Дунё
366 0

Фото: Архив сурат

Яна саноқли кунлардан сўнг куз мавсуми бошланади. Салқин об-ҳаво шароитида эса одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказиши табиий. Қолаверса, олдинда янги ўқув йили. Болажонлар мактабларга, талабалар олий ўқув юртларига қайтади.

Буларнинг барчаси коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши учун қулай муҳит. Шу боис, мутахассислар келгуси ойларда дунёда касалланиш кўрсаткичлари янада ошиб кетиши мумкинлигидан ташвишда.

Ана шундай шароитда шифокорлар «омикрон»нинг айни пайтда доминантга айланган штаммларига хос асосий касаллик белгилари ҳақида бойитилган маълумотларни тақдим этмоқда.

Хусусан, ҳозир биргина Россияда COVID-19 ташхиси билан рўйхатга олинаётганларнинг қарийб 93 фоизида B.А.4 ва B.А.5 субвариантлари аломатлари кузатилмоқда. Шу билан бирга, беморлар орасида «кентавр»ни юқтирганлар ҳам бор.

Мутахассислар фикрича, йўтал ва ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши энди коронавирусга хос асосий аломат ҳисобланмайди. Яъни ушбу белгиларсиз, қолаверса, умуман симптомсиз ҳам касаллик кечиши мумкинлиги такрор-такрор ўз исботини топмоқда.

Шифокорлар кузатувига кўра, бугунги кунда мушаклар ва бел соҳасидаги оғриқлар ҳам COVID-19дан далолат бериши мумкин. Айниқса, бош ва кўзларда оғриқлар кузатилиши «омикрон»нинг янги мутацияларига хосдир. Чунки кейинги пайтларда фақат шу белгилар билан мурожаат қилаётганларда ҳам коронавирус инфекцияси аниқланяпти.

Хўш бу нима билан боғлиқ?

Олимлар фикрича, дунё аҳолисининг катта қисми эмланган ёки аввалроқ вирус билан касалланган. Шундан сўнг организмда антитаналар юзага келганлиги эса хасталик аломатлари ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Бинобарин, бу ҳар бир янги штамм, ҳар бир янги тур, аслида, янги хусусиятларга эга бўлсада, аста-секин инсон танасига мослашишини англатади. Натижада касалликнинг кечиши осонлашиб, асоратлар енгиллашади.

Бунга доир яхши хабарлар ҳам бор. Масалан, шифокорлар прогнозига кўра, энди беморларнинг саломатлиги 2-3 кун ичида махсус муолажаларсиз ҳам тикланиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер