Хоразмнинг кунчиқар дарвозаси

16:48 04 Ноябрь 2020 Жамият
262 0

Хоразмда қуёш Тупроққалъада уйғонади. Воҳанинг кунчиқар дарвозаси бўлган бу ҳудудга баҳор сепини бирмунча вақтлироқ ёяди, кузда далаларда ҳосил ҳам эрта пишиб етилади.Саҳро бағридаги бу мўъжаз ҳудудда ўтган асрнинг саксонинчи йилларида янги ерлар ўзлаштирилиб деҳқончилик қилина бошлаган эди. Бироқ кейинчалик вилоят марказидан 200 километр узоқликда жойлашган бу ҳудуд эътибордан четда қолиб кетди. Тупроққалъаликлар савдо-сотиқ, тиббий хизмат ва бошқа юмушлар билан борадиган энг яқин маскан Питнак шаҳри бўлса, маъмурий идоралар билан боғлиқ ишларда узоқ йўл босиб Ҳазорасп тумани марказига қатнар эдилар. Тупроққалъа маскани ва Питнак шаҳри аҳолиси туман марказидан узоқлиги туфайли кўп йиллардан буён қийналиб келар, фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларнинг аксарияти айнан шу масала билан боғлиқ эди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12-13 март кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоятнинг жуда катта аграр ва саноат ишлаб чиқариш имкониятларига эга ҳудудида Тупроққалъа туманини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида сенаторлар Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш ҳамда Ҳазорасп тумани чегарасини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, бу таклифни якдиллик билан маъқулладилар. 2020 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Янги ташкил қилинган Тупроққалъа тумани ихтиёрида 192 минг гектар ер майдони бўлиб, аҳолиси 54 минг 248 нафар кишини ташкил қилади. Ўтган асрнинг 70 йилларида Туямўйин сув омбори қурилиши муносабати билан унга ёндош ҳудудда барпо этилган Питнак шаҳри ҳам Тупроққалъа тумани таркибига киради. Амударё бўйида сувчилар шаҳри сифатида қад ростлаган ушбу кент бугун ўзининг автомобиль саноати билан машҳур.

Тупроққалъада туманни ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-техник тадбирлар якунига етиб, ишчи гуруҳ томонидан туман иқтисодиётини ривожлантиришда асосий ўрин тутувчи қиймати 1 триллион 230 миллиард сўмлик 85 та лойиҳа маъқулланди. Ушбу лойиҳаларда энг чекка ҳудуд ҳисобланган Тупроққалъа масканида 3 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик, 300 минг бош жўжа боқиш учун паррандачилик мажмуаларини, 300 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этиш, 300 гектар кўлда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Президентимиз қарорида «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси учун белгиланган имтиёз ва преференциялар туманнинг бутун ҳудудида амал қилиши белгиланган бўлиб, бу хорижий ва маҳаллий инвестицияларнинг кириб келишида муҳим омил бўлади.

Таъкидлаш жоиз, «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган корхоналарнинг аксарияти Тупроққалъа тумани ҳудудида фаолият кўрсатади. Бугунги кунда «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 306,3 миллион долларлик 19 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида 15 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди ва натижада сендвич панеллар, ювиш воситалари, автомобиль радиаторлари, темирдан қурилиш материаллари, тайёр трикотаж маҳсулотлари, қуёш иситгичлари, бир марталик стерилланган тиббиёт қўлқоплари ва оёқ кийимлари ишлаб чиқарилмоқда.

— Тупроққалъа туманининг ташкил этилиши энг чекка Тупроққалъа, Саримой қишлоқлари ва Питнак шаҳри аҳолиси учун қатор қулайликлар яратди, — дейди Халқ депутатлари Тупроққалъа туман кенгаши депутати Эркин Искандаров. — Чунки, хизмат ва шахсий юмушлар билан Ҳазорасп тумани марказига қатнаш ушбу ҳудудлар аҳолиси учун муайян қийинчиликлар туғдирса, қишлоқларнинг жўғрофий жойлашуви давлат ва хўжалик ташкилотлари учун иш юритишда ортиқча сарф-харажатларга олиб келаётган эди.Янги туман ташкил этилиши бу минглаб янги иш ўринлари, қурилишлар, замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари демакдир. Бугунги кунда туманимизда минглаб меҳнатга лаёқатли фуқароларимиз хорижда ишлаяпти. Эндиликда янги иш ўринлари ҳисобига ана шу меҳнат мигрантларини доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилади.

— Тупроққалъага 1985 йилда, чўл бағрида янги ерлар ўзлаштирилиб илк давлат хўжаликлари ташкил этилган даврда биринчилардан бўлиб кўчиб келгандим, — дейди меҳнат фахрийси Олимбой Собиров. — Кейинги ўн йилликларда Тупроққалъа эътибордан четда қолиб кетгани, маҳаллий раҳбарлар бу ҳудудга ўгай кўз билан қарагани ҳам бор гап. Биз ҳам маҳаллаларимиз обод, йўлларимиз равон бўлишини, фарзандларимиз бекаму кўст шароитларда ўсиб улғайишини хоҳлаймиз. Шукрки, давлатимиз раҳбарининг эътибори билан кўп йиллик орзу умидларимиз рўёбга чиқяпти.Аслида Тупроққалъа – саҳро бағрида яширинган хазина. У ўзига меҳр берган инсондан саховатини аямайди.

Тупроққалъада саноат ва қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда туризмни ривожлантириш имкониятлари ҳам жуда катта. Туман ҳудудида Уч ўчоқ, Мешиклиқалъа, Сартарошқалъа, Тупроққалъа, Карвонсарой, Хумбузтепа каби уч минг йиллик тарихга эга меъморий обидалар бор. Шу бир билан бир қаторда Амударё бўйлари ва саҳро кенгликларининг бетакрор манзаралари экологик ҳамда экстремал туризм ишқибозлари учун ажойиб саргузаштлар, унутилмас таассуротлар туҳфа этади.

Айни кунда Тупроққалъа тумани марказининг 2035 йилгача бўлган бош режасини ишлаб чиқилиб, шу асосда ҳудудда улкан бунёдкорлик ишлари бошланган. Хоразмнинг энг кенжа тумани яқин йилларда воҳадаги обод ва кўркам, илм фан ва рақамли иқтисодиёт ривожланган ҳудудга айланади.Тупроққалъаликларнинг бугунги азму шижоати, бошланган ишлар кўлами шундан дарак бериб турибди.

Одилбек Одамбоев,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?