Хоразмдаги Наврўз сайилларида минглаб сайёҳлар иштирок этмоқда

Фото: Халқ сўзи
Гўзал миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз ва қадриятларимизни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрами Хоразмда ҳам кенг нишонланмоқда. Байрам кунларида барча шаҳар ва туманларда халқ сайиллари ташкил этилиб, меҳр-мурувват тадбирлари ўтказилмоқда.
Айтиш керакки, бу йил ҳам вилоятда яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўзи оламни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш ва юксак даражада ўтказишга қизғин тараддуд кўрилди. Байрам олдидан маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва якка ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам кўрсатилди. Наврўз кунлари вилоятда ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, маданий-маиший объектлар фойдаланишга топширилди.
Урганч шаҳридаги «Авесто» боғ мажмуасида ўтказилган халқ сайлида фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий спорт ўйинлари, дорбозлар томошалари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.Тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ташкил қилинган кўргазмалар, баҳорий таомлар танловлари байрам шукуҳини янада оширди.
Наврўз шодиёналари, айниқса, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларда жуда катта таассурот қолдирмоқда. Байрам муносабати билан қўшимча дам олиш кунларининг берилиши туфайли бошқа вилоятлардан ташриф буюрган минглаб юртдошларимиз ҳам Хоразмдаги Наврўз сайилларида иштирок этмоқдалар.
— Ички туризмни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар туфайли юртимиздаги тарихий шаҳарларни томоша қилиш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имкониятига эга бўлдик, — дейди қашқадарёлик Бахтиёр Мақсадов. — Ўтган йил Наврўз кунлари Самарқанд шаҳрига саёҳат қилгандик, бу йил оиламиз билан Хивага келдик. Шаҳарнинг тарихий обидалари, музей экспонатлари билан танишиш баробарида байрам тадбирларида ҳам иштирок этяпмиз. Таассуротларимиз бир олам. Илоҳим юртимиз тинч, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти қўшма корхоналарни ишга туширди ва Хитой ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашди
- “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
- “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммити. Иккинчи кундан фоторепортаж
- Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи самарали бўлди
- Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида 20 май куни қисқа муддатли ёмғир ёғади
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг