Хоразмдаги болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?

Фото: Халқ сўзи
Ҳадемай умумтаълим мактабларида жорий ўқув йили ниҳоясига етиб, ёзги таътил бошланади. Ёз мавсумида болаларнинг мириқиб дам олиб, ҳордиқ чиқаришларида оромгоҳларда яратилган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутади. Хусусан, бу йил Хоразм вилоятида 29 та стационар типдаги оромгоҳларда 11 минг 240 нафар ўғил-қиз дам олиши режалаштирилган.
Қўшкўпир туманидаги «Ҳумо» оромгоҳида шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган кўргазмали семинарда бу йилги мавсумда болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилди. Вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов бошчилигида жойларда мавсумга тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
— Оромгоҳларда ўқувчиларнинг мароқли дам олиши, жисмоний чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлаши учун барча имконият мавжуд, — дейди Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Эргаш Юсупов. — Дам олиш масканларида таъмирлаш, мебель ва маиший техника воситалари билан жиҳозлаш, хавфсизлик ва озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ масалалар тўлиқ ҳал этилди. Фан, бадиий ижодиёт, мусиқа, спорт-соғломлаштириш тўгараклари фаолиятини ташкил этиш, кутубхоналарни болаларга мўлжалланган янги адабиётлар билан бойитиш, турли кўрик-танловлар, кўргазмалар, спорт мусобақалари ўтказиш, тарихий жойлар ва табиат қўйнига саёҳатлар уюштириш бўйича режалар белгилаб олинди.
2022 йил ёзги мавсумда болалар оромгоҳларида овқатланиш, маданий-маърифий тадбирлар, ходимлар иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун 6 млрд. 159 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманидаги бир гуруҳ ўқувчи-ёшларга Хоразмдаги энг сўлим оромгоҳларда дам олишлари учун йўлланмалар ажратилади.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- Олимлар саратондан ҳам ўлим хавфи икки баравар юқори бўлган касаллик ҳақида маълум қилишди
- «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди
- Давлат раҳбари ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлади
- Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Gazprom» компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг