Хоразмда кино шаҳарчаси очилди

Фото: Халқ сўзи
Кино санъатининг жамият маънавий ва маданий-маърифий ҳаётида, жумладан, ёшларни эзгулик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда аҳамияти ниҳоятда катта. Юртимизда ушбу санъатни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини яхшилаш, юксак бадиий қимматга эга киноасарларни кўпайтириш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самарасида сўнгги йилларда киноижодкорларимиз томонидан яратилган янги бадиий ва ҳужжатли фильмлар халқаро танловларда муносиб ўринларни эгаллаётир. Яқинда пойтахтимизда ўтган «Ипак йўли дурдонаси» XIV халқаро кинофестивали ҳам миллий кино санъатимизни дунёга танитиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори Худойберган Девонов туғилиб ўсган Хоразмда кино санъати анъаналари замон билан уйғун равишда ривожланмоқда. Хоразмнинг энг қадимий қалъаларидан бири – Қалъажиқ ёнида барпо этилган кино шаҳарчаси бунинг ёрқин мисолидир.
Кино шаҳарчасининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, таниқли киноижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Боғот тумани ҳудудида жойлашган ушбу кино шаҳарчада шоир, файласуф, кураги ерга тегмаган полвон Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишлаб «Хива лангари» бадиий фильмини суратга олиш жараёнлари бошлаб юборилди. Фильмда ўзбек киноижодкорлари билан бирга ҳинд актёрларининг ҳам ролларни ижро қилиши режалаштирилган.
— Суратга олиш жараёнида бундан 800 йил олдин Паҳлавон Маҳмуд яшаган даврдаги хонларнинг саройлари, бозорлар, кураш майдонлари ва бошқа керакли декорацияларни яратиб, хоразмликларнинг ўша даврдаги урф-одатлари ва ҳаёт тарзини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратдик, — дейди фильмнинг постановкачи режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов. — Фильмда «Хоразм лазгиси», «Пешрав», «Хончиқар» каби Хоразмнинг машҳур мусиқалари ва қўшиқларидан фойдаланилади. Кураш саҳналарида асосан хоразмлик полвонларнинг иштирок этиши режалаштирилган. Маҳаллий ҳокимлик тасвирга олиш жараёнларида ижодий гуруҳимизга яқиндан ёрдам беряпти.
Маълумки, ўтган асрнинг 70-80 йилларида ўзбек ва ҳинд киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган «Али бобо ва қирқ қароқчи», «Севги афсонаси» каби фильмлар ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган. Яқинда ушбу фильмларни тасвирга олишда қатнашган таниқли ҳинд кинорежиссёри Умеш Меҳра Қалъажиқ қалъаси ёнида барпо этилган кино шаҳарчаси қурилиши билан танишди ва ижодий ҳамкорлик бўйича келгуси режалар белгилаб олинди. Умид қиламизки, «Хива лангари» фильми ҳам миллий киномиз олтин фондидан жой оладиган бебаҳо киноасар бўлиб қолади.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- Олимлар саратондан ҳам ўлим хавфи икки баравар юқори бўлган касаллик ҳақида маълум қилишди
- «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди
- Давлат раҳбари ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлади
- Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Gazprom» компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг