Хоразмда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан учрашув ўтказилди

15:42 09 Январь 2023 Жамият
313 0

Фото: Халқ сўзи

Ўтган йил бошида маҳаллабай ишлаш тизими самарадорлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий қилинган эди. Хўш, йил давомида ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятида қандай натижаларга эришди?

Хоразм вилоятидаги 531 та маҳалланинг ҳоким ёрдамчилари иштирокида ўтган тадбирда ана шу масалалар муҳокама этилди. Энг фаол ҳоким ёрдамчилари меҳнати муносиб эътироф этилиб, галдаги муҳим вазифалар белгиланди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимовнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш рейтинг тизимида энг юқори балл тўплаган 100 нафар ҳоким ёрдамчиси учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан юртимиз бўйлаб бепул саёҳат ташкил қилиш ва ҳар чорак якуни билан моддий рағбатлантириш тўғрисидаги таклифи илиқ кутиб олинди.

Худди шундай, ёшлар етакчилари билан ўтказилган учрашувда 2022 йил натижалари таҳлил қилиниб, бу йил IT-технологиялар соҳасидаги энг яхши лойиҳани молиялаштириш учун «Ҳоким гранти», иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вилоят ҳокими стипендияси» жорий этилгани маълум қилинди.

— Хоразм тажрибаси сифатида барча ёшлар етакчилари намунавий иш формаси ва хизмат сумкаси билан таъминланиши айни муддао бўлди, — дейди Урганч шаҳридаги «Тозабоғ» маҳалласи ёшлар етакчиси Шарофиддин Саъдуллаев. — Бундан ташқари маҳалла ҳудуди катта бўлган 10 нафар ёшлар етакчисига фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида электроскутерлар ажратиладиган бўлди.

Қизғин мулоқотлар, фикр ва тажриба алмашувлар бир пиёла чой устида давом этди. Тадбир якунида ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари вилоят мусиқали драма театрига ташриф буюриб, буюк саркарда, хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг сўнмас жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи саҳна асарини томоша қилдилар.

 

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер