Хоразм мақомлари — халқимиз маданий меросининг ноёб намунаси

14:40 17 Октябр 2022 Жамият
341 0

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Урганч шаҳрида II халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик доирасида Хоразм мақомлари бўйича республика саралаш босқичи ўтказилди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган мақом ансамбллари ҳамда яккахон ижрочилар иштирок этди. Танлов давомида ижро этилган Хоразм мақомларининг энг сара намуналари ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.

Хоразм вилоят мусиқали драма театри биносида ўтказилган тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Фарход Эрманов, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа сўзга чиқиб, халқимиз номоддий маданий меросининг ноёб дурдонаси бўлган мақом санъатини ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиш борасида қилинаётган ишларга тўхталдилар. Кўрик-танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари, пул мукофотлари билан тақдирланди.

— Хоразм олти ярим мақоми халқимиз номоддий маданий меросининг ноёб намунаси бўлиб, унинг чертим ва айтим йўллари ижрочидан юксак билим ва маҳорат, кучли ва баланд овоз, ғоят катта масъулият талаб этади, — дейди танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлатов. — Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Шерозий, Комилжон Отаниёзов, Рўзмат Жуманиёзов, Назира Юсупова сингари атоқли санъаткорлар ўз ижодларида мақом жанрига кенг мурожаат қилиб, умрбоқий асарлар яратдилар. Мазкур танловда халқимиз номоддий маданий меросининг ноёб намунаси бўлган мақомларни янги ижрочилар талқинида тинглаб, мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси келгуси авлодларга безавол етиб боришига амин бўлдик.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?