Хонободда «Дунё садолари» II Халқаро миллий санъат фестивали якунланди

15:51 01 Август 2024 Жамият
744 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Хонобод шаҳрида давом этган «Дунё садолари» II халқаро миллий эстрада санъати фестивалидаги тадбирларни кузатиш учун 2 млн аҳоли ташриф буюрган. Асосий концерт дастурларини бир пайтнинг ўзида салкам 10 минг нафар ҳамюртларимиз томоша қилди.

— Ўзбек эстрадаси юлдузлари, жаҳон эстрадаси вакилларидан Jah Khalib, Жони ва Инналар ўз дастурлари билан иштирок этди, — дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Саттарова. — Шаҳарнинг ўнга яқин майдонларида ташкил этилган кичик саҳналарда вилоят маданият бошқармаси ходимлари томонидан тайёрланган байрам дастурлари тақдим этилди.

Фестиваль иштирокчиларига намунали хизмат кўрсатиш мақсадида савдо, овқатланиш, транспорт, тиббиёт хизматлари ташкил этилди. Алишер Навоий номли шаҳар маданият ва истироҳат боғида ўттиздан ортиқ аттракционлар хизмат қилган бўлса, дорбозлар дастурлари, кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтди.

Меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш учун 50 дан ортиқ ошхона ва кафелар фаолият кўрсатди.

— Фестиваль доирасида бир кунда минг нафардан зиёд меҳмонларга хизмат кўрсатдик, — дейди «Ниҳол» ошхонаси ошпази Бахтиёржон Сайдуллаев. — Бунинг учун шаҳарнинг учта ҳудудида ошхонамиз бўлимларини ташкил этиб, таомномамизга Европа таомларини ҳам киритдик.

Кеча фестиваль ўз ишини якунлади. Унинг таассуротлари узоқ вақт кўнгилларга ҳамроҳ бўлишига ишонамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер