Хонадонларда маҳорат дарслари ўтказилмоқда

17:59 01 Декабрь 2020 Жамият
181 0

Ҳаётда шундай аёллар борки, улар фарзанд тарбияси, рўзғор юмушларини адо этиш асносида томорқасидан яхшигина даромад олишни ҳам уддасидан чиқишади. Ана шундай аёллар тадбиркорлигини ёш оилаларга ибрат сифатида кўрсатишнинг аҳамияти жуда катта. Нишон туманидаги «Кимёгарлар» маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз, ҳунарсиз хотин-қизлар учун ўтказилган маҳорат дарсларидан кўзланган мақсад ҳам ишбилармонликни кенг ёйиш, устоз-шогирд анъаналарини бардавомлигини таъминлашга қаратилгандир.

Маҳорат дарси иштирокчилари Озода Холмонова хонадонига кириб боришар экан, орасталик ва озодаликни кўриб, диллари яйраб кетди. Аёлнинг қандайлиги хонадонга қадам қўйганингиздаёқ сезилади-да. 2 сотих томорқасида 20 туп лимон ҳосили мўллигидан шоҳини кўтара олмаяпти. Шу ерда О. Холмонова ўз тажрибалари ҳақида ёш оила аъзоларига сўзлаб берди. Иссиқхонадан ташқари чорвачилик, паррандачиликдан ҳам яхшигина даромад олинаётган экан. Топганлари тўйларга, яхши кунларга ишлатиляпти. Бу аёл ўз меҳнати билан нафақат даромади оширяпти, ички бозорни тўкин қиляпти, балки элда катта обрў-эътибор ҳам топяпти.

Аёлларни қўли гул дейишади. Бу иборани Наргиза Чориевага нисбатан айтсангиз жуда ўринли бўлади. Чунки уни гулчи сифатида маҳаллада, туманда эмас, вилоятда ҳам яхши билишади. Унинг иссиқхонасида 5000 тупдан зиёд 100 турдаги гул кўчатлари парваришланяпти. Айниқса, лола, райҳон, герань, кактус, алоэ, хитой атиргули, каланхое каби гулларнинг харидори жуда кўп. Унинг гуллари мактаб, коллеж, тиббиёт муассасалари хоналарига кўркамлик ва нафосат бахш этиб турибди.

— Гул ўстиришни ўзи бўлмайди, — дейди Наргиза Чориева.  — Гуллар сўзлаша олмасада, меҳрни, эътиборни ширин сўзни ҳис қилади. Бу эса менга завқ-шавқ бағишлайди.

Бинобарин, «Кимёгар» МФЙ раиси Гулсум Хуррамова айтганидек, ташкил этилаётган ана шундай маҳорат дарслари уйда ишсиз ўтирган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Фахриддин Бозоров,
 «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?