Ходимни бошқа иш берувчига хизмат сафарига юбориш тартиби белгиланди

18:21 07 Ноябрь 2022 Жамият
310 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Тошкент вилояти адлия бошқармасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда депутатлар тадбир иштирокчиларига янги Кодекс ҳақида кенг маълумотлар беришди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўпгина янги институтлар ҳамда янги механизмлар амалиётга киритилди. Бу каби омиллар эса, Меҳнат кодексини янги таҳрирда қабул қилиш заруратини юзага келтирди.

Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилди. Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида чуқур таҳлил этилиб, маромига етказилди.

Семинарда қайд этилганидек, Кодексда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни тартибга солувчи нормаларга алоҳида эътибор қаратилган. Ижтимоий шериклик иштирокчиларининг мажбуриятлари ва ваколатлари, уларнинг жамоавий музокаралар олиб бориш тартиби белгилаб берилди. Давлатнинг ижтимоий шериклик (уч томонлама жамоавий битимлар) иштирокчиси сифатидаги роли ўз аксини топди.

Бундан ташқари, иш берувчининг иш ҳақини кечиктириш учун жавобгарлиги (кечиктирилган ҳар бир кун учун қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида) белгиланди.

Янги таҳрирдаги кодексда иш билaн тaъминлaш жaрaёнлaрини рaқaмлaштириш, электрoн мeҳнaт дaфтaрчaлaрини юритиш, мeҳнaт шaртнoмaлaрини тузиш вa ягoнa мaълумoт бaзaсидa рўйxaтдaн ўткaзиш мexaнизмлaри очиб берилди. Меҳнат низоларини кўриб чиқиш жараёнида жамоатчилик назорати механизмлари акс эттирилди. Якка меҳнат низолари комиссияларда ёки судда ҳал этилиши ҳолатлари кўрсатилган, якка меҳнат низоcи медиаторга юборилишини жорий этиш, меҳнат арбитражи тизими йўлга қўйилади.

Низоларни муқобил ҳал қилишнинг имкониятлари кенгайтирилиб, судлардаги иш ҳажми камайтирилди. Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Ходимни бошқа иш берувчига хизмат сафарига юбориш тартиби белгиланди. Бу эса доимий иш жойидаги меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатиб туришни ва ходим ишга юборилган ташкилот билан муддатли шартнома тузишни назарда тутади.

Белгиланган янги нормалар расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.

Семинарда иштирокчилар томонидан йўлланган саволларга депутатлар атрофлича жавоблар беришди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?