Ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланган

04:12 11 Ноябрь 2022 Жамият
489 0

Иллюстратив фото

Юртимизда жиддий ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Бунга ҳар қадамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ушбу саъй-ҳаракатлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этиляпти.

Жумладан, ўз фаолиятини турли кўринишларда давом эттириб келаётган касаба уюшмалари 2020 йил 11 ноябрда ўзининг 8-қурултойини ўтказди ва Президентимиз ушбу кунни “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” сифатида нишонлаш таклифини илгари сурди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унга кўра, 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни, деб белгиланди ва бу 5,5 миллиондан ортиқ аъзоси бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида муҳрланиб қолди.

Ўтган йили мазкур сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг касаба уюшмалари ходимларига байрам табриги илк маротаба йўлланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси барча жойда меҳнаткашлар ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши ва муносиб меҳнат тамойиллари таркиб топиши мамлакатда адолатли ҳамда барқарор ривожланишнинг зарурий шарти эканига қатъий ишонган ҳолда ўз фаолиятининг йўналишларини белгилаб олган.

Халқимизнинг ақл-заковати, куч-қудрати ва салоҳиятига таяниб, бу йўлда ўта муҳим ва салмоқли натижаларга эришилди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенция ва баёнларининг қонун ҳужжатлари ва амалиётга имплементация қилингани, янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилингани фуқаролик жамияти ва давлатни ривожлантиришдаги долзарб вазифалар ечимини топишда касаба уюшмаларининг ролини анча кучайтирди.

Касаба уюшмалари тизимдаги сиҳатгоҳларни қайта таъмирлаш ҳамда уларнинг шароитларини яхшилаш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг сонини оширишга ҳам эришди. Жумладан, вилоятимизнинг Паракент туманида Заркент санаторийси очилди, Бўстонлиқ туманида Севарсой сиҳатгоҳи ҳам очилишга шай ҳолатда тургани қувонарли, албатта.

Айниқса, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаолият олиб борадиган ходимларни тайёрлаш мақсадида Касаба уюшмаларига қарашли бўлган Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси очилганлиги амалга ошириладиган ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мана шу йўналишларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида Касаба уюшмаларининг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан қатор амалий ишлар бажариляпти.

Тошкент вилояти Кенгашида бугунги кунда 2750 та бошланғич ташкилот мавжуд бўлиб, уларда 35 мингдан зиёд аъзолар қамраб олинган. Улар иштирокида турли маъданий-маърифий тадбирлар, спорт тадбирлари, Раҳбар ва ёшлар учрашувлари ҳамда кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, бугунги кунда ёшларда ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик ва мардлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув семинарлар ҳамда маънавий-маърифий учрашувлари ўтказилмоқда.

Ҳар йили олий ўқув юртларида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар орасидан танлов асосида “Касаба уюшмалари стипендияси” совриндорлари аниқланиб, уларга олти ой давомида стипендия тўлаб берилади. Жорий йилда Чирчиқ давлат педагогика университетининг 3-босқич талабаси Аҳмаджон Алимбоев ушбу имкониятдан фойдаланди.

Касаба уюшмалари орқали жорий йил давомида корхона ҳамда ташкилотлардаги 198 нафар олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабага ўқув шартнома пулларининг бир қисми иш берувчилар томонидан қоплаб берилди. 158 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш учун, шунингдек, 291 нафар ёш ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилди.

Касаба уюшмалари тизимида фаолият олиб бораётган ёшлар ўртасида турли спорт тадбирлари, мусобақалар ҳамда интеллектуал ўйинлар ташкил этиб келинмоқда. Корхона ва ташкилотларда фаолият олиб борадиган ёшлар иштирокидаги “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ёшларнинг иқтидорини намойиш этишига шароит яратиш билан бирга уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларига ҳам замин яратди.

“Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳам касаба уюшмалари аъзолари иштирокида жуда катта қизиқиш билан вилоятнинг йирик корхона ва ташкилотлари ҳамда олий таълим талабалари ўртасида ўтказилди.

Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида тадбирларни амалга ошириш учун жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритиш орқали шу йил давомида 12 500 нафар, шундан 8 450 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятнинг тарихий обидалар, қадамжолар, янги барпо этилаётган объектларига, 5 000 нафардан зиёди Самарқанд, Бухоро, Хоразм, вилоятларининг тарихий туристик шаҳарларига саёҳатлари уюштирилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга меҳр-мурувват кўрсатиш борасида ҳам вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги махсус мактаб интернатларида, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остидаги тадбирлари ташкил этилиб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида таълим тизимида ҳам катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Дарҳақиқат, илм ва изланиш бўлмаган жойда ривожланиш, юксалиш ва умуман, бирор-бир соҳанинг келажаги бўлмайди. Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддати, аввало, ўғил қизларимизнинг азму шижоати, ақлу заковати, фикру ва таклифларида, эришаётган ғалаба-ю ютуқларида кўринмоқда.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг Тошкент вилояти иштирокчиси, Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Раъно Абдуҳамидованинг мазкур танловнинг республика босқичида ғолиб бўлиши ва шу танлов асосида чоп этилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар китобида вилоятнинг беш нафар иқтидорли ёшларининг иншолари жой олгани вилоятимизнинг барча аҳолисига фахр туйғусини бахш этди.

Олий таълим талабалари ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон келажагини ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз” мавзусидаги иншолар танловида ҳам Чирчиқ давлат педагогика университети талабалари иштирок этиб фахрли 2-ўринни (Мафтуна Ураимшикова) ҳамда номинация ғолиблигини (Малика Тўрабекова) қўлга киритгани бошланғич ташкилотларда касаба уюшмалари қўмиталарининг раислари самарали фаолият олиб бораётганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, касаба уюшмалари томонидан корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, уларнинг спорт машғулотлари билан мунтазам равишда шуғулланишларига шароит яратиш мақсадида ташкил этиладиган мусобақаларда вилоят миқёсида ўн минглаб ёшларни қамраб олди.

Умуман олганда, жамият ҳаётида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Улар томонидан ишчи-ходимлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳамда уларнинг фарзандларини, кексаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Бу эса мамлакатимизда мазкур тизимни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибордан дарак беради, десак, муболаға бўлмайди.

Шоира ОХУНЖОНОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Тошкент вилояти Кенгаши раисининг

Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер