Ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилади

13:32 20 Февраль 2024 Сиёсат
77 0

Иллюстратив фото

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилиши қайд этилди.

Бундай одамларни ишга олган корхоналарга тадбиркорлик рейтингида қўшимча балл берилади.

Ногиронлиги бўлганларни касбга тайёрлайдиган 4 та ихтисослашган мактабни тармоқ раҳбарлари оталиққа олади. Бу мактаб ўқувчиларига ишлаб чиқарган маҳсулотини давлат харидлари доирасида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.

Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига мономарказларда ногиронлиги бўлганлар таълим олиши учун қулай муҳит ва зарур инфратузилмани яратиб, уларга стипендия тўлаш тартибини жорий қилиш топширилди.

Ногиронлиги борлар касаначилик ва ҳунармандчилик асосида яратган маҳсулотларини электрон платформа орқали сотиш тизими йўлга қўйилади.

Вазирлик ва ҳудуд раҳбарларига йил якунига қадар барча бюджет ташкилотларига 20 минг нафар, банкларга камида 1 минг нафар ногиронлиги борларни ишга қабул қилиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер