Хизмат кўрсатиш соҳаси – маҳаллалар ривожининг асосий драйвери бўлмоқда

13:50 16 Ноябрь 2022 Жамият
288 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз иқтисодиётида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси тез ривожланувчи тармоқлар сирасига кириб, фаолият кўлами ва қамрови йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Рақамлар кўринишида ифодаласак, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 38 фоизи ва умумий корхоналарнинг 60 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келади. Республикада жами банд аҳолининг 50 фоиздан ортиғи хизматлар соҳасининг улгуржи ва чакана савдо, таълим, транспорт, давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий йўналишларида фаолият юритмоқда. Бинобарин, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, хизматлар соҳасининг 1 фоизга ўсиши камбағалликни ўртача 1,5 фоизга қисқартириш имконини берар экан.

Биргина Навоий вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, жорий йилда ҳудудларининг асосий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларига кўра хизматлар ҳажми 6,7 трлн.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,7 фоизга ўсишга эришилганини кузатиш мумкин. Аҳоли жон бошига нисбатан кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 6,4 млн.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,4 фоизга ортди. Режадаги 1 минг 254 та ўрнига 1 минг 686 та хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилиб, қўшимча 3 467 та янги иш ўрни яратилди.

Хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти кучли импульс берди, десак муболаға эмас. Улар ҳар бир ҳудудда камдаромадли оилалар, ишсизлар, қўшимча даромад топиш истагидаги фуқаролар, ногиронлиги бор шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларни аниқлаб, асосий эътиборни мазкур қатлам муаммолари ечимига қаратдилар.

— Дастлаб маҳалламизда 131 нафар фуқарони ишсиз сифатида рўйхатга олган эдик, — дейди Кармана тумани «Ўзбекистон» МФЙдаги туман ҳокими ёрдамчиси Ҳусен Амонов. — Ўтган ўн ой ичида 18 та янги корхона очиб, 198 та янги иш ўрни яратдик. 99 нафар фуқарога 1 041 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди. Агар ўтган йилнинг мос даври билан солиштирадиган бўлсак, бу қарийб ўн беш баравар кўп демакдир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур тадбирлар натижасидан шугина маҳалланинг ўзидан давлат бюджети 4,5 миллиард сўмлик қўшимча солиқ манбаига эга бўлмоқда.

Хизмат кўрсатиш соҳаси орқали аҳолининг ижтимоий муаммоларига ечим топилаётган маҳаллалардан яна бири Карманадаги «Мир Саид Баҳром» МФЙдир. Туманнинг қоқ марказида жойлашган ушбу маҳаллада Навоий кўчаси марказий кўча сифатида танланиб, қиймати 50 млрд. 303 млн.сўмлик 45 та лойиҳа шакллантирилди. Шу асосда 150 га яқин иш ўринлари яратиш режалаштирилиб, жорий йилнинг тўққиз ойи якунига кўра қиймати 42 млрд. 603 млн. сўмлик 37 та хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилди. Маҳалла аҳлининг 127 нафари ўз иш ўринларига эга бўлди.

— Маҳалламизда хизмат кўрсатиш ривожланишнинг асосий драйвери этиб белгиланди, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров. — Ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 80 фоизи шу соҳа улушига тўғри келади. Энг муҳими, ҳудуд имкониятидан келиб чиқиб, янги хизмат турларини йўлга қўйишга эътибор қаратдик. Мисол учун, маҳалламиз ҳудудидаги 2- умумтаълим мактаби IT соҳасига ихтисослаштирилган ва мактаб ўқувчилари 2021 йили «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси республика танловида биринчи ўринни эгаллади. Шундан келиб чиқиб 200 ўринли ўқув маркази базасида IT ўқув курслари йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур курснинг биринчи қалдирғочлари ҳисоботларни топшириш, сайт ва дастур яратиш хизматларини кўрсатиб, ойига 3-4 млн.сўмгача даромад олишмоқда.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, хизматлар соҳасининг равнақи фуқароларнинг бандлигини таъминлашда муҳим йўналиш бўлиш билан бирга аҳоли фаровонлиги ошириш, истеъмолчилар талабини қаноатлантириш, ҳудудларнинг сайёҳлик жозибадорлигининг ортишида ҳам ўз самарасини бермоқда.
 

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер