Хивада Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ғолиблари аниқланди
Фото: “Халқ сўзи”
Қадимий ва навқирон Хива мезбонлик қилган яна бир йирик анжуман — Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадаси якунланди. Ичанқалъанинг Кўҳна Арк майдонида олимпиаданинг ёпилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати шубаси мудири Саида Мирзиёева олимпиада ғолибларини қизғин қутлади. Ўзбекистон Республикасининг Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади хоним, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Муҳаммадзода ва бошқа мартабали меҳмонлар олимпиада ғолибларига олтин, кумуш ва бронза медалларни топширдилар. Тадбир санъат усталарининг катта концерт дастури билан якунига етди.
Қуйида тадбир ташкилотчилари фикрлари билан танишасиз:
Ихоанн Планк, ҳакамлар ҳайъати аъзоси (Германия):
— Хива шаҳрида 6 кун давом этган мазкур олимпиадада Германия, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Бразилия, Озарбайжон, Уммон султонлиги каби 15 та мамлакатдан келган 130 нафар ёш йигит-қиз ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Ўқувчиларнинг билимини 10 нафар халқаро ҳакамлар баҳолаб боришди. Шунингдек, олимпиадада фахрий меҳмонлар, профессорлар иштирокида ёш билимдонлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Олимпиада давомида иштирокчилар Хоразм вилоятининг, жумладан қадимий Хиванинг тарихий обидалари, бетакрор музейлари, меҳмондўст ўзбек халқининг бой тарихи, давлатчилиги, маданияти, урф-одатлари ва турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Икром Абдуллаев, Хоразм Маъмун академияси раиси:
— Шимолий ва Жанубий Америка қитъалари мавжудлиги ҳақидаги фаразни илк бор Беруний бобомиз илгари сурган. Абу Райҳон Беруний X-XI асрларда Маъмун академиясида кенг қамровли илмий тадқиқотлар олиб бориб, ер ва осмон илми борасида бебаҳо асарлар яратди. Унинг асарлари фандаги кейинги кашфиётлар учун кучли туртки ва асос бўлиб хизмат қилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, 2022–2023 йилларда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланиши муносабати билан бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Кимё фанидан ўтказилаётган Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро олимпиада ҳам ана шу тадбирларнинг узвий давомидир.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг