Хитойлик инвесторлар Наманганда гилос плантациялари ташкил этиш лойиҳасини амалга оширади

18:45 26 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
637 0

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Хитойлик инвесторлар томонидан ташкил этилган «Namangan Qianxing Invesment» хорижий корхонаси вакиллари билан видеоконференция шаклида мулоқот қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Вилоят ҳокимлиги маълум қилишича, мулоқотда хитойлик инвесторлар томонидан Наманган шаҳрининг Кўзагарлик даҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди. Шундан сўнг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда вилоятда гилос плантациялари ташкил этиш лойиҳаси бўйича фикр алмашилди.

Хитой гилос меваларини сотиб оладиган дунёдаги энг йирик импортчи давлат ҳисобланади. Мазкур давлат ҳар йили чет элдан 300 минг тонна гилос харид қилади, импортнинг умумий миқдори эса 1,3 миллиард доллардан ошади.

Хитойга гилос, асосан, Чили, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландиядан етказиб берилади. 2018 йил уларнинг сафига Ўзбекистон ҳам қўшилди.

Ушбу инвесторлар Наманганда ушбу йўналиш билан шуғулланадиган компанияни рўйхатдан ўтказиш арафасида. Чуст туманида эса гилос плантациялари учун мўлжалланган ер майдонларини ажратиш кўзда тутилмоқда.

Хитой вакиллари Наманганда гилос етиштиришга инвестиция киритиш, вилоятда гилос етиштириш ва экспортга юбориш ҳажмини ошириш истагини билдирди.

Видеомулоқот якунида жорий йил декабрь ойида бу борада ўзаро шартнома имзолаш юзасидан келишувга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?