Хитой Орол денгизи муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади

22:31 25 Ноябрь 2020 Жамият
322 0

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан Хитой фанлар академиясининг Шинжон Экология ва география институти ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида “International Syumposium on Ecological Restoration and Manegement of Aral Sea” (Орол денгизини экологик тиклаш ва бошқариш) мавзуида халқаро симпозиум ўтказилди.

Симпозиумда Хитой, Туркманистон, шунингдек, МДҲ мамлакатларининг таниқли мутахассислари, миллий ҳамда халқаро даражадаги экспертлар, докторантлар ҳамда соҳанинг малакали мутахассислари иштирок этди.

Унда Оролбўйи минтақасининг экологик ҳолатини яхшилаш, тупроқ шўрланишини олдини олиш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни кўпайтириш, ҳайвонот дунёси ҳолатини яхшилаш масалалари бўйича баҳс ва мунозаралар инглиз ва рус тилларида олиб борилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 2019 йил 13 октябрда Республикасида Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик муаммолар юзасидан Хитой ва Ўзбекистон мамлакатлари ҳамкорлигида «Урумчи декларацияси» имзоланди.

— ЎзМУ Биология факультети Орол денгизи бўйида иккита ўқув амалий полигонини ташкил этган, — дейди ушбу университет Биология факультети декани, профессор Тўхтасин Aбдураҳмонов. — Иккинчи ўқув-амалий полигонига эса айнан Хитой фанлар академияси Шинжон Экология ва география институти билан ҳамкорликда асос солинган. У ерда оролни кўкаламзорлаштириш учун кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда ва кўчатлар ўтказилмоқда. Симпозиум ўтказишдан мақсад Хитой билан бу борада янада кенгроқ тажриба алмашишдан иборат.

Симпозиумда кўплаб хорижлик мутахассислар билан бир қаторда ўзбекистонлик ёш биолог олимлар ҳам ўз маърузалари билан қатнашдилар. Улардан бири, ЎзМУ Биология факультети таянч докторанти Aлишер Жумаевдир.

— Ушбу халқаро ҳамкорлик ўтган йилнинг кузидан бошланган, — дейди А. Жумаев. — Илк симпозиум Хитойда бўлиб ўтди ва унда университетимиздан 30 нафар вакиллар қатнашди. Ишонамизки, бу ҳамкорлигимиз доирасида ҳали кўплаб истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади. Яъни Орол бўйи минтақаси микробиомини яхшилаш ва қурғоқчиликни илмий йўл билан бартараф қилинади.

Симпозиум материаллари илмий журналларда эълон қилиниши режалаштирилган.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?