Хазонрезги: муаммо бор, ечим-чи?

11:17 06 Октябр 2020 Сиёсат
522 0

Дарахтларнинг табиат ва инсон ҳаётида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини барчамиз яхши биламиз. Хусусан, яшил олам шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади. Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Дарахтлар ҳар доим табиатга, инсониятга фойда келтирган. Сояси жонга меваси танга дармон. Лекин ҳар бир фаслнинг ўз хусусияти бор. Куз фасли келиши билан дарахтлар ўзининг яшил оламини хазонрезгиликка бўшатиб беради. Айни куз фаслида аҳоли томонидан дарахтлардан тўкилаётган баргларни йиғиш ташиш ишлари ташвишга солади. Шунингдек, уни ёқиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Келинг, шу ўринда ёнган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали таҳлил қилиб кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосферага 30 кг. углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқаради.

Мутахассислар фикрича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон томир нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.

Шуни унутмаслик керакки, коронавирус пандемияси шароитида атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши, ушбу касаллик билан касалланганлар, тузалиб чиққанлар учун эса ниҳоятда зарарлидир. Шундай экан, атмосферани муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя қилиш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлигини ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида «Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», дея алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга, ёнғин содир бўлиши оқибатларидан келиб чиқиб жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, маҳалла фаоллари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмаслиги лозим. Экологик қоидаларни бузган шахслар аниқланишида маҳалла фаолларининг роли жуда ҳам муҳим. Олиб борилаётган тадбирлар натижаси йилдан-йилга хазон ва шох-шаббалар ҳамда ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари камайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Бироқ бу орада амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам мавжуд. Бу бир неча омилларга боғлиқдир.

Биринчидан, тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан хазон ёқишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича чора-тадбир амалга ошириш лозим. Дарахтлардан тўкилган хазонларни йиғиб мутасадди ташкилотлар кўмагида шаҳар ташқарисига тегишли жойларга ташлаш.

Иккинчидан, кесилган шох-шаббаларни қайта ишлаш натижасида турли хил қурилиш материаллари ва брикетлар тайёрлашни йўлга қўйиш.

Учинчидан, дарахтлардан тўкилган хазонларни алоҳида ажратилган ҳолда йиғиб олиш натижасида улардан ўғитлар тайёрлаш йўлга қўйиш.

Тўртинчидан, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда, экологик талабларга қатъий риоя қилиш ва туманнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экишга алоҳида эътибор қаратиш.

Бешинчидан, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида экологик ҳашарлар ўтказилиб, аввало, экологик тозалигини таъминлаш, чиқиндихоналарни озода сақлаш, бунда айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.

Олтинчидан, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш экологик қоидабузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан яна бири, бу соҳада қонунчиликни такомиллаштиришдир. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳозир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Экопартия фракцияси аъзолари ҳамкорлигида қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар қабул қилиш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини ишлаб чиқиш борасида ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, яқинда депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган «Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларнинг ғайриқонуний кесилиши, йўқ қилиниши, шикастлантирилишининг олдини олишни назарда тутади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш орқали бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади.

Бу борада олиб борилаётган амалий ишлар соҳада қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги қонун ижодкорлиги самараси экологик фаровонликни таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси, келажак авлоднинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилиши лозим.

Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?