Хавфсизликни таъминлашнинг олтин қоидаси

19:21 05 Ноябрь 2020 Жамият
668 0

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўмагида «Замонавий ҳарбий низолар ва уларнинг олдини олиш йўллари» мавзусидаги халқаро ҳарбий-илмий онлайн-конференция бўлиб ўтди.

Жаҳоннинг йигирмага яқин мамлакатлари, жумладан Россия Федерацияси, Туркия Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия Федератив Республикаси, Полша, Украина, Ҳиндистон, Италия, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Беларус Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ҳарбий мутахассислари ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий аксилтеррор тузилмаси, Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти, Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган онлайн-конференциянинг очилиш маросимида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги координатори Жон МакГрегор сўзга чиқиб, халқаро ҳарбий-илмий онлайн-конференциянинг долзарб жиҳатларига тўхталишди.

Биринчи кун дастурига биноан саккиз нафар мутахассиснинг турли мавзулардаги маърузаси тингланди. Йиғилишнинг биринчи маърузачиси сифатида полковник Ҳамдам Қаршиев «Ҳозирги даврнинг глобал таҳдидлари» мавзусида мулоҳазалар юритди ва минтақавий муаммолар ҳамда уларнинг ечимига тўхталиб ўтди.

Халқаро ҳарбий-илмий онлайн-конференциянинг иккинчи кунида «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳудудида кибертерроризмга қарши кураш», «Ўта муҳим инфратузилмалар киберхавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашдаги тамойиллар», «Замонавий ҳарбий низоларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг роли», «Минтақадаги хавфсизликни таъминлашда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари», «Глобал ва минтақавий хавфсизлик борасида Хитой Халқ Республикасининг роли» каби мавзуларда ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассислар ўз маърузалари билан чиқиш қилдилар. Халқаро ҳарбий-илмий онлайн-конференция маърузачилари қўлланилган материаллар ва тавсиялар, Қуролли Кучлар ислоҳотлари ижобий тажрибалари, замонавий ҳарбий низоларда ҳарбий санъат ривожининг янги тенденциялари, таълимнинг инновацион ёндашувларини ўрганишга, умуман, ҳарбий хизматчиларнинг билими ва дунёқарашини янада кенгайтиришга муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Халқаро ҳарбий-илмий онлайн-конференциянинг якунида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев анжуман иштирокчиларига Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлар академияси раҳбарияти номидан эсдалик совғалари ҳамда дипломлар топширди. Шунингдек, у цивилизациялар ўртасидаги қарама-қаршиликлар, халқаро терроризм ва экстремизмнинг барча кўринишлари, наркотажовузкорлик, қуролли низолар, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, ахборот-руҳий урушлари, глобал иқтисодий-молиявий инқирозлар, табиий ва техноген офатлар, экологик муаммолар, пандемия кўринишидаги ноанъанавий таҳдидларга қарши биргаликда кураш олиб бориш – хавфсизликни таъминлашнинг олтин қоидаси эканлигини таъкидлади.
Икки кунлик халқаро ҳарбий-илмий онлайн-конференция давомида бугунги даврнинг энг долзарб мавзуларидаги жиҳатларга эътибор қаратилди. Анжуман қатнашчилари дунёда хавфсизликни таъминлаш учун ягона платформа доирасида бирлашиш муҳимлигини таъкидладилар.

Асрор РЎЗИБОЕВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?