Халқимизнинг ёш вакиллари Сенат фаолияти билан танишди

18:58 01 Июнь 2022 Жамият
624 0

Бугун, Олий Мажлис Сенати биносида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан республикамиздаги Меҳрибонлик уйлари, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари, шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилувчи иқтидорли болалар сенаторлар билан учрашиб, Сенат фаолияти билан танишди.

Учрашувда Сенат Раиси Т. Норбоева болаларни 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклаб, уларга Сенат фаолияти, ялпи мажлислар залида қабул қилинаётган қонунларга қисқача тўхталди ҳамда бугун юртимизда ўқиб изланишга барча имконият мавжуд эканлигини қайд этиб ўтди.

“Хусусан, ўқиб-ўрганишларингиз учун замонавий мактаблар, жисмонан чиниқишингиз учун спорт иншоотлари, истеъдодингизни ривожлантириш учун турли марказлар ташкил этилган ва бошқа кўплаб имкониятлар қўлингизда.

Сўнгги йилларда барчанинг бепул таълим олишга бўлган ҳақ-ҳуқуқи таъминлангани ҳолда, индивидуал таълимга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Ижод ҳамда Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган махсус таълим муассасалари ташкил этилди. Сизларнинг ҳар бирингиз бир оламсиз.

Ҳар бирингизнинг ўзингизга хос қизиқишингиз, истеъдодингиз ва қобилиятингиз бор. Ушбу мактаблар уларни руёбга чиқариш, келажакда ўзингиз танлаган соҳани эгаллаш, етук мутахассис бўлишингизга мустаҳкам замин ҳозирлайди”, — дейди Сенат Раиси. 

Шунингдек, учрашувда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Б.Тўхтамуродовлар иштирок этиб, уларни байрам билан қутлади.

Уларга мамлакат келажаги ёшлар қўлида эканлиги, бунёд этилган мазкур мухташам биноларда ишлаш имконияти борлиги, бунинг учун астойдил ўқиш, изланиш ва билим олиш зарурлиги тушунтирилди.

Ўз навбатида, болалар ҳам ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Шундан сўнг болалар қонунларни қабул қилиш, уларнинг ижроси юзасидан парламент назоратини ташкил этиш жараёнлари билан таништирилди.

Анъанага мувофиқ тадбир сўнггида болалар ва сенаторлар эсдалик учун суратга тушдилар. Болаларга байрам муносабатаи билан совғалар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер