Халқимизнинг муносиб фарзанди эди...

15:58 01 Август 2020 Жамият
483 0

Кеча Нукус шаҳридан совуқ хабар келди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари Муса Ерниязов оғир касалликдан сўнг вафот этди. 

Муса Ерниязов нафақат қорақалпоқ элининг, балки ўзбек халқининг ҳам ҳақиқий ватанпарвар, мард ва жасур фарзанди эди. Мен у билан бир неча марта суҳбатлашганман, турли йиғинларда бирга иштирок этганман. Бу инсон Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари лавозимида ҳам узоқ ва самарали меҳнат қилди.

Бугун барча қорақалпоғистонликлар Муса Ерниязов номи билан ҳақли равишда фахрланади. Боиси, у Қорақалпоғистон Республикасига салкам йигирма йил давомида раҳбарлик бўлиб, ўз халқига, ватанига ҳалол хизмат қилди. Ўтган йиллар давомида қорақалпоқ юрти гуллаб яшнади, Нукус шаҳри бутунлай қайта қурилди. Республика ҳудудида юзлаб янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Муса Ерниязов олимларни, ижодкорларни жуда қадрларди. Шунинг учун ҳам унинг раҳбарлик йилларида қорақалпоқ илм-фани тараққий этди. Нукусда кўплаб олий ўқув юртлари ташкил этилди. Қолаверса, одамларнинг турмуши фаровон бўлди. Қорақалпоғистон номи бутун дунёда янгради.

Унинг самарали меҳнати қадрланиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвон берилганди.

Энг муҳими, Муса Ерниязов бутун қорақалпоқ халқининг қалбидан жой олди, одамларнинг ишончини қозонди. У бир умр давлатга, халққа садоқат билан хизмат қилди. Мустақилликни мустаҳкамлаш, халқни рози қилиш йўлида бутун умрини бағишлади.

Муса Ерниязовнинг вафоти халқимиз учун жуда катта йўқотиш. Шу ўринда қорақалпоқ элига, марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Муса Ерниязовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий яшайди.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Самарқанд давлат университети ректори,

профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?