Халқимизнинг эзгу фазилатлари коронавирусга қарши курашишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда

01:31 15 Май 2020 Жамият
641 0

Машҳур файласуф Сенеканинг “Ҳосил ёмон бўлганда ҳам яна экавериш керак”, деган сўзлари бундан икки минг йил аввал айтилган, аммо ундан чиқариладиган хулоса бугунги кунимиз учун ҳам ниҳоятда долзарбдир.

Дарҳақиқат, фақат зорланиш билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Муаммоларни бартараф этиш, ҳаётни яхшилаш ва фаровон қилишда тинимсиз олдинга интилиш, фидокорона меҳнат қилиш, машаққатларни мардонавор енгиб ўтиш лозим. Жорий йилги баҳор ўзи билан мураккаб синовларни олиб келган Ўзбекистонда айнан мана шу ёндашувга амал қилинмоқда. Бу эса одамларимиз руҳини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Ўзи нимадан бошланди?

Ўтган йил охирида илгари маълум бўлмаган янги вирус ҳақидаги хабарлар “ёмғири” ёға бошлади. Кейин у кучайиб, икки ой ичида бутун дунёни қоплаган “қору дўл”га айланди.

Мамлакатимизда коронавирус касаллиги илк бор март ойида аниқланди. Ўшандан буён эпидемиологик вазият бўйича ҳар куни хабар бериб борилмоқда. Мутахассислар гигиена ва “ўз-ўзини яккалаш” қоидаларига оғишмай риоя қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантиришяпти. Одамларнинг бир-бири билан, жамиятнинг ҳукумат ва давлатимизнинг бошқа мамлакатлар билан муносабатлари мутлақо янгича шакл ва мазмун касб этмоқда.

Ўзбекистонда дастлабки кундан бошлаб коронавирусга қарши мустаҳкам тўсиқ ўрнатишга ҳаракат қилинди. Пандемия тарқалишининг олдини олиш, инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича режали ҳамда кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Юзага келган мураккаб шароитни ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилаётир. Карантин эълон қилиниб, ҳаракатланиш чекланди, оммавий тадбирлар бекор қилинди. Жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди.

Аммо ҳаёт тўхтагани йўқ. Ўз вақтида тезкор қабул қилинган чора-тадбирлар туфайли у янги шароитларга мослашган ҳолда давом этяпти. Мактаблар, коллеж ва олий ўқув юртларида масофавий усулда ўқитиш йўлга қўйилди, кўплаб ташкилотлар ҳам масофадан туриб иш юритмоқда. 

Йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, тиббий ёрдам, оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатяпти. Электр энергияси, газ ва сув таъминоти, коммунал хизматлар узлуксизлиги таъминланмоқда. Аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, гигиена буюмлари, бирламчи эҳтиёж моллари мунтазам етказиб берилаётир. Хуллас, фуқароларни қийин шароитда қўллаб-қувватлаш учун барча ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам, кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронлиги бор шахсларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиляпти. Карантин сабаб коронавирус хавфи юқори бўлган хорижий давлатларда қолган юртдошларимиз ҳам эътибордан четда эмас. Уларни Ўзбекистонга қайтариш учун махсус чартер рейслар ташкил этилмоқда.

Айни вақтда ушбу юқумли касалликнинг олдини олиш ва уни даволаш ишларига жалб қилинган тиббиёт ходимлари зиммасига улкан масъулият юкланди. Уларга фаолияти янада самарали ва натижадор бўлиши учун керакли шароитлар яратилди. Хусусан, шу йўналишда зарур билимга эга хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш йўлга қўйилди, ихтисослаштирилган тиббий муассасалар ва карантин зоналари ташкил этилди. Бутун мамлакат аҳолиси шифокорлар учун қайғуриб, уларнинг муваффақиятларидан мамнун бўляпти. Давлатимиз томонидан коронавирус билан курашнинг олдинги сафида турган ушбу соҳа ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар аҳоли бирдамлиги ва қўллаб-қувватлаши туфайли катта натижа беряпти. Телефон орқали сўров ўтказиб, ижтимоий фикр ўрганилганда, ўзбекистонликларнинг аксарият қисми карантин чекловларини тўғри тушунганлиги маълум бўлди. Буни хорижлик экспертлар ҳам тасдиқлашмоқда.

— Пандемия ўзбек жамиятининг бирдамлигини намоён этди, — деб ёзади “Polish Market” журнали муаллифи А. Казимерский. — Кўпгина давлатларда, жумладан, Польшада ҳам Ўзбекистон аҳолини пандемиядан муҳофаза қилиш масаласига оқилона ва ўта масъулият билан ёндашганлиги ибрат қилиб кўрсатилмоқда.

Иқтисодиётми ё ҳаёт?

Коронавирус тўсатдан тарқалгани боис дунё мамлакатларида бу балони даф этиш бўйича тайёр усул йўқ эди. Шунингдек, “Бу мураккаб шароитда биринчи галда одамлар ҳаётини сақлаб қолиш керакми ё иқтисодиётними?” деган саволга ягона жавоб ҳали ҳам берилмади. Бу масалада баҳслар давом этяпти. Бир томондан, ҳар бир инсоннинг ҳаёти ва саломатлиги бош қадрият эканлиги деярли барча давлатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Шу боис аксарият давлатларда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишга қаратилган турли даражадаги чекловлар жорий этилди. Иккинчи томондан эса ушбу чекловлар фақат оддий фуқаролар томонидан карантин қоидаларига риоя қилишнинг ўзигагина тегишли бўлмай, балки мамлакатлар ўртасида ва ҳатто бир мамлакат ичидаги ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқасини узиб қўйди, аксарият корхоналар, дўконлар ва хизмат соҳалари объектларининг ёпилишига сабаб бўлди. Бундай ҳолат иқтисодий фаоллик пасайиши, ишлаб чиқариш тўхтаб қолиши, шунга мос ҳолда ишловчиларнинг даромади пасайиб кетиши ёки умуман йўқотилишига олиб келди. Айрим экспертлар очиқ айтаётганидек, муайян кишини коронавирусдан сақлаб қолсак ҳам, у ўзи ва оиласини боқиш учун даромадга эга бўлмаса, бу қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини тасаввур этишнинг ўзи қийин.

Ана шундай шароитда нафақат мамлакатимизда, балки халқаро даражада ҳам Ўзбекистон раҳбарияти тутган йўлга муносиб баҳо берилмоқда. 19 март куниёқ, ҳали кўп мамлакатлар COVID-19 ҳужумини қандай бартараф этиш ҳақида энди ўйлай бошлаган вақтда, Ўзбекистон Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унда Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармасини ташкил этиш ва маблағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, ажратилган маблағлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазани кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолиятини таъминлашга сарфланмоқда.

Бизнес учун рағбат зарур

Вазиятнинг ўзгариши ва карантиннинг чўзилиши сабабли биринчи галдаги вазифаларга қўшимча равишда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан бошқа самарали чора ва воситалар ҳам қўлланила бошландики, улар ёрдамида пандемиянинг салбий оқибатлари камайтирилди. Ушбу чораларнинг рўёбга чиқарилиши қатор долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилгандир. Мисол учун, қишлоқ жойларда яшаб, меҳнат қилаётган одамларни қўллаб-қувватлашни олайлик. Энг аввало, қишлоқ хўжалиги ходимларига баҳорги экин-тикин ишларини ўз вақтида, сифатли бажариш, келгусида яхши ҳосил олиш учун замин ҳозирлашга кўмаклашувчи чоралар қўлланилди. Бу эса мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат саноати корхоналарига ўз вақтида хом ашё етказиб бериш, уларнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда жуда муҳимдир. Шу боис чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш истагида бўлган қишлоқ аҳолисини рағбатлантириш давом эттирилмоқдаки, мазкур тадбирлар даромадни кўпайтириш ва қўшимча иш ўринларини яратишда қўл келмоқда.

Бир қатор рағбат чоралари томорқа эгаларига кўмаклашишни кўзда тутади. Улар ҳам ўз оиласини мева-сабзавотлар билан таъминлайди, ҳам эҳтиёжидан ортиғини сотиб, даромад олади. Бунда ўз томорқасидан йилига 2-3 марта ҳосил олаётган ва ўн миллион сўмлаб даромад қилаётган томорқа эгаларининг тажрибасини ёйишга эътибор бериляпти.

Яна бир жиҳат ғоят аҳамиятли: қатор вилоятларда ирригация тармоқларидан фойдаланишда йўл қўйилган камчиликлар сабабли суғориш учун сув етишмаслиги кузатилиб, ўн минглаб гектар ерлар муомаладан чиқарилган эди. Шунинг учун ушбу ерларнинг ҳолатини тиклаш, бир қисмини ишсиз аҳолига экин экиш учун бериш вазифаси қўйилди. Бундай ер майдонларини адир жойларда ҳам ўзлаштириб, янги боғ ва узумзорлар барпо этиш мумкинлиги белгиланди. Шундай қилиб, бир нечта ўзаро боғлиқ вазифалар ҳал этилмоқда.

Карантин чекловларини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни белгилашда асосий эътибор энг кўп ходимлар ишлайдиган тармоқларга, яъни тўхтаб қолган корхона, ташкилот ва компанияларнинг даромад манбаидан айрилган ходимларига қаратилди. Бу борада биринчи бўлиб қурилиш соҳаси “жонланди”. Кейинги йилларда Ўзбекистонда қурилиш энг жадал ривожланаётган соҳа. Мамлакатимизнинг ҳамма вилоятларида юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий объектлар, тураржойлар қуриляпти. Қурилиш майдонларида, шунингдек, биноларни таъмирлашда юз минглаб мутахассислар меҳнат қилмоқда. Ишлар қайта бошлангач, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларни ташиш билан шуғулланувчи субъектлар ҳам аввалги иш суръатларини тиклашди. Бу эса яна минг-минглаб иш ўринлари, деганидир.

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилувчи яна бир соҳа — тўқимачилик саноати. Ушбу тармоқда икки мингдан ортиқ корхоналар мавжуд бўлиб, уларда 365 минг киши меҳнат қилади. Уларнинг кўпчилиги фаолиятини тиклади ёки тикламоқда. Лекин мамлакатимизда етиштириладиган пахта хом ашёсини тўлиғича қайта ишлаш, экспорт ҳажмини 15 миллиард долларгача етказиш ва уч миллиондан зиёд кишиларнинг бандлигини таъминлаш имконияти мавжуд. Шу боис бу борада аниқ қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида йирик минтақавий тўқимачилик-тикувчилик кластерларини ривожлантириш билан бир қаторда, уларнинг ҳар бири машҳур халқаро бренд маҳсулотларини реализация қилишга, шунингдек, камида мингта иш ўрни яратишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Бизнес вакилларига Президентимизнинг кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтган сўзлари янада катта ишонч бахш қилди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар ва аҳолини пандемия шароитида қўллаб-қувватлаш шу пайтгача берилган имтиёзлар билан чегараланиб қолмаслигини ва, албатта, давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.

Инқирозга қарши чоралар ҳақида муносабат билдирган Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фульвио Мартушелло таъкидлашича, Евроиттифоқ Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни диққат билан кузатмоқда.

— Биз мамлакат раҳбариятининг коронавирусга қарши курашиш чораларини қўллаб-қувватлаймиз, — дейди у. — Ўзбекистоннинг пандемия шароитида иқтисодиёт, бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари олқишга сазовор. Ҳеч ким эътибордан четда қолмаётгани жуда муҳимдир.

Ҳатто генлар ҳам ёрдам бермоқда

Кейинги кунларда мамлакатимизда умид уйғотувчи кўрсаткичлар қайд этилмоқда, яъни шифокорлар ёрдами билан касалликдан тузалганлар сони даволанаётганлар сонидан деярли тўрт марта кўп. Шундай бўлса-да, Президентимиз таъкидлаганидек, хавф бутун дунёда бартараф этилмагунча, биз ҳам хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар биримиз карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз ҳамда нафақат ўз саломатлигимиз, балки яқинларимиз ва бутун халқимизнинг соғлиғи учун масъул эканлигимизни ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Чиндан ҳам, бугун ҳаёт бутунлай ўзгарди. Мана, иккинчи ойдирки, карантиндамиз. Энг яқин дўкон, дорихона ва поликлиникани ҳисобга олмаганда, кўчага чиқмаяпмиз. Меҳмон кутиш ҳам мумкин эмас. Руҳшунослар айтишича, тўрт девор ичида ўтириш инсон учун, айниқса, ёши катта одамлар, болалар, ёшлар учун анча оғир синов. Карантин шароитидаги чекловлар аҳоли чидамини синайдиган ҳақиқий имтиҳон бўлди. Бироқ “ўзини яккалаш” ҳафталари давомида одамлар атрофдаги вазиятдан кўра кучлироқ бўла олишларига ишондилар. Чидам, сабр-тоқат ва сабот намойиш этдилар. Бу қуруқ сўзлар эмас. Ҳамма нарсадан хабардор бўлиб турувчи интернетдаги далилларга қараганда, ватандошларимиз жуда интизомли эканликларини кўрсатиб, халқаро рейтингларда ҳам бу эътироф этилди.

Шуниси ҳам аҳамиятлики, ҳозирги қийин шароитга қарамай, ўзбекистонликлар нафақат ўзлари ва ўз яқинлари, балки муҳтожларга ғамхўрлик қилишга ҳам улгурмоқда. Минглаб юртдошларимиз ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор инсонларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусга қўшилди. Улар махсус жамғармаларга пул маблағлари ўтказяпти. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, гигиена воситалари билан ёрдам бермоқда. Хайрия ҳаракати, айниқса, табиий офатдан зарар кўрилганда янада кенг қулоч ёзди.

Сўнгги воқеалар шундай оддий ҳақиқатни кўрсатдики, одамларимизнинг иродасини букиб бўлмайди. Ахир вужудимизда ўз фаолияти, инсонпарварлиги ва қатъияти билан дунёни забт этган улуғ аждодларимиз қони оқмоқда. Бу фазилатлар ген даражасида бўлиб, бизга пандемияни енгишда ёрдам беряпти. Бутун дунё ҳали фанга, тиббиётга номаълум бўлган “душман” билан курашаётган бир даврда ана шу хислатларимиз бизни матонат билан бу курашда ғалаба қозонишга, азалий қадриятларимизни янада мустаҳкамлашга ундаяпти.

Мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, катта қийинчиликларга қарамай, халқимиз синовлар олдида довдираб қолмади. Юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар лаҳзада меҳр-мурувват, чидам ва сабот, буюк саховат намуналарини кўрсатишмоқда. Бу эзгулик мамлакатимиз чегараларидан чиқиб, дунё бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда. Ўзбекистондан Хитой, Эрон, Россия ва қўшни мамлакатларга инсонпарварлик ёрдами ортилган самолёт ва поездлар йўл олди. У ерларда саховат карвонларига муносиб баҳо берилди.

— Бундай хайрли тадбир Марказий Осиёнинг бутунлай ўзгарганини, у минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кучайтиришга, ўзаро муносабатларни яхшилашга интилаётганини кўрсатди, — деди Қирғизистоннинг Халқаро муносабатлар ва хавфсизлик кенгаши бошқарувининг ҳамраиси Эдиль Осмонбетов Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан шу мамлакатга инсонпарварлик юклари юборилгани воқеасини шарҳлар экан. — Ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш бугун, коронавирус пандемияси шароитида ҳар доимгидан ҳам муҳим. Ўзбекистон ушбу глобал муаммони биргаликда ҳал этиш учун сўз билан эмас, амалий ишлари билан ҳаракат қиляпти.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ва уларнинг ижобий самараларига давлатимиз раҳбари номига нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан келаётган хатларда ҳам алоҳида урғу берилмоқда.

Жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президентимиз Шавкат Мирзиёевга куни кеча йўллаган мактубида Ўзбекистон Республикасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан, аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларни юксак баҳолашини таъкидлади.

Бундай эътибор ва эътирофлар ҳар биримизнинг руҳиятимизни кўтариши билан бирга, масъулиятимизни, жараёнга дахлдорлигимизни янада оширади. Зеро, “кўринмас ёв”га қарши кураш ҳали тугагани йўқ. Бу бало дунё аҳлига хавф солиб турар экан, бир зум бўлса-да хотиржамликка берилишга, лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди. Аксинча, уни бутунлай йўқотишга жидду жаҳд қилишимиз, ғайрат-шижоатни асло сусайтирмаслигимиз лозим. Бу йўлда халқимизга хос бирдамлик, ҳамжиҳатлик, ўзгалар дардини ўз ташвишидек қабул қилиш, муҳтожларга кўмак кўрсатишга доимо шай туришдек эзгу фазилатлар ҳар биримиз учун мустаҳкам тиргак, ёруғ манзиллар сари йўлчи юлдуз бўла олади.

******

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Президентимизга йўллаган мактубидан:

“...Сиз раҳбарлик қилаётган мамлакатнинг минтақада жабр кўрган давлатларга, жумладан, Афғонистон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун ғоят миннатдорман.

Сизнинг Ҳукуматингиз томонидан Ўзбекистон Республикасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, жумладан, аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган 
қатъий чораларни юксак баҳолайман”.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?