Халқимизни сув балосидан асрасин!

18:54 19 Май 2022 Жамият
499 0

Фото: Халқ сўзи

Кутилмаган табиий офатлар содир бўлганида

оиламиз ва ҳаётимиз нечоғли ҳимояланган?

Жорий йилнинг 4 май куни қаттиқ жала қуйиши натижасида Қамчиқ довони орқали ўтувчи автомашиналар, темир йўл қатновини маълум муддатга тўхтатиб туришга тўғри келди. Кутилмаган табиий офатнинг иқтисодий зарари ўз йўлига, энг аввало, унинг инсонлар ҳаёти учун етказадиган зиёни беҳад хатарлидир.

Таъкидлаш ўринлики, юртимизда шу сингари фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси фаолият кўрсатади, вилоят, шаҳар-туманларда ҳокимлар фуқаро муҳофазаси хизматлари раҳбари сифатида бириктирилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари тошқин сувлари, сел, қор кўчишлари, кўчки ҳодисалари билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг олдини олиш билан шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, сел ва сув тошқинлари хавфини бартараф этиш, дарё ва сойларда сув оқимларини хавфсиз, барқарор ўтказиб юбориш юзасидан назарий ҳамда амалий тадбирларни ўтказиш, табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, бундай вазиятда тезкор ҳаракат қилиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари доимийлик касб этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Қамчиқ» довони махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси маълумотларига қараганда, биргина жорий йилнинг март ойида ушбу автомобиль йўлининг 4 та ҳудудида қор, 6 та ҳудудда тош, 5 та ҳудудда тош-тупроқ кўчкиси ҳамда 4 та ҳудудда кўчки ёриғи кузатилди. Мазкур ҳудудларда муҳандислик ҳимоя ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар амалга оширилди.

«Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўлининг битта ҳудудида тош, иккита ҳудудда тош-тупроқ кўчкиси ҳамда Оҳангаронсой дарёси қирғоқларининг ювилиш ҳолати содир бўлди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли шу ва бошқа кўнгилсиз ҳолатлар тезкорлик билан бартараф этилди. Довон ҳудудидан ўтган автомобиль ва темир йўлидаги геологик, гидрометеорологик хавфли участкалар, муҳандислик инфратузилмаларида белгиланган ишларнинг бажарилиши ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.

Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш мақсадида ёнғин-қутқарув, махсус қидирув отрядлари иштирокида махсус-тактик ўқув машғулотлари ташкил этилди. Бу каби амалий тайёргарлик ишлари фавқулодда ҳолатларда йўловчилар ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Май ойининг биринчи ўн кунлигида ёққан тинимсиз ёмғир, жалалар Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманида ҳам кутилмаган муаммоларни келтириб чиқарди. Аҳолининг яшаш уйлари сувга тўлди, автомашиналар сувда оқди, хуллас, уларнинг мол-мулкига катта зарар етди. Баъзи қишлоқларга олув борувчи йўллар тўсилиб қолиб, фалокат оқибатларини бартараф этиш янада қийинлашди.

Айниқса, тоғолди ҳудудида жойлашган Малбут қишлоғи аҳолиси сельдан энг кўп талофат кўрди. Қишлоқ аҳлининг маълум қилишича, уйлар сувга тўлиб, улар тунни тоғда ўтказишга мажбур бўлган.

— Яна сел келишидан қўрқдик, — дейди улар.

Яхшики, аҳоли ўртасида қурбонлар йўқ. Аммо ўрганишлар жараёнида айрим хонадон эгаларининг чорва моллари, фуқаро Жўраали Абдувалиевнинг янги олган «Матиз» русумли автомашинаси сельда оқиб кетгани аниқланди.

Сел оқибатида талофат кўрган ҳудудларни тозалаш мақсадида барча техника ва кучлар сафарбар этилди. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган масъуллар томонидан фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилди. Туманда махсус штаб ташкил этилди.

Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Жўраевнинг «Халқ сўзи» мухбирига хабар беришича, кучли ёмғир ва жала ёғиши оқибатида туманнинг Малбут, Офтобру, Тул, Соҳибкор, Шарқобод, Девайрон маҳаллаларида сув тошқини, сел келиши кузатилган.

— Сув тошқини ва сельдан зарар кўрган барча маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилиб, муаммо бартараф этиляпти, — дейди Сўх тумани ҳокими Саидбаҳром Саидмусаев. — Айниқса, Малбут маҳалласида барча идора ва ташкилотлар ходимлари сел оқибатларини тугатиш ишларида фаол қатнашмоқда. Сел келтирган моддий зарар мутахассислар томонидан ўрганиляпти.

Афсуски, сув оқими баъзи фуқаролар хонадонларига сезиларли даражада зарар етказган. Сув деворларни бузиб юбориб, ҳатто ертўлагача ҳам кирган. Хонадонлар, кўчаларни лойқа ва шағал уюмларидан тозалаш ишлари ҳам давом этмоқда. Сел оқими маҳалладаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабининг олд ва орқа қисмига ҳам сезиларли даражада зарар етказган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Малбут маҳалласида қурилган сел йўлининг бир қисми таъмирга муҳтож даражага келиб қолган. Чунки ҳар мавсум кузатиладиган давомли сув тошқинлари сел йўлини шағал билан тўлдириб ташлаган. Шу боис зудлик билан сел йўлини кенгайтириш ва унинг устидаги кўприкларни замонавий тарзда қайтадан мустаҳкам қуриш зарур.

Сўх тумани ҳокими ўринбосари Содиқжон Мурзоевнинг айтишича, сув тошқини марказ - Девайрон йўналишидаги йўлнинг бир қисмига ҳам зарар етказган. Барча куч ва воситаларни сафарбар этиш орқали мазкур йўналишдаги носозликлар бартараф этилмоқда.

Тул маҳалласида эса сув тошқини оқибатида баъзи бир хонадонларнинг ертўлалари сув билан тўлиб кетган. Туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан аҳоли хонадонлари ертўлаларини сувдан тозалаш ишлари олиб борилди.

«Ўзсувтаъминот» МЧЖ Сўх тумани бўлими ходимлари томонидан Малбут маҳалласига махсус техника орқали вақтинча тоза ичимлик суви етказиб бериш ишлари йўлга қўйилди. Маҳалладаги сел зарар етказган 50 тадан кўпроқ хонадонда махсус хизматлар иш олиб боряпти, умумхалқ ҳашарлари уюштириляпти.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Малбутда сельдан талафот кўрган оилаларга ун, ўсимлик ёғи, шакар, гуруч сингари зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Мутахассислар маълумотларга қараганда, май ойининг сўнгги ўн кунлигида мамлакатимизда яна ноқулай об-ҳаво кузатилиши ҳамда бунинг натижасида табиий офатлар кузатилиши мумкин. Бундай хабарларда Фарғона вилоятининг Сўх, Фарғона ва Бешариқ туманларида сув тошқинлари кузатилиши мумкинлиги қайд этилган.

Демак, бу каби кўнгилсиз ҳолатларга тайёр туриш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, маҳаллий ҳокимликлар, дахлдор идора ва ташкилотлар вазиятга янада масъулият билан ёндашиши ҳаётий заруратдир.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер