Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди
Фото: "Халқ сўзи"
Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Бухорода зардўзлик ва заргарликни янада ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш ҳамда минтақанинг туризм салоҳиятини янада ошириш каби мақсадлар кўзда тутилган халқаро фестиваль бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2021 йилнинг 29 апрелида қабул қилинган “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган бу галги анжуманга жаҳоннинг 42 давлатидан 123 нафар меҳмон, шунингдек, дизайнерлар, олим ва тадқиқотчилар, қатор заргарлик корхоналари вакиллари иштирок этишди.Фестиваль ва унинг доирасидаги ранг – баранг тадбирларда 4,5 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ, 15 мингдан зиёд маҳаллий меҳмон қатнашди.
— Мазкур фестивалда қатнашганимиздан бениҳоя мамнунмиз, — дейди Туркиянинг “Gemetis” компанияси асосчиси Мустафо Эржан Ўзгур. — Ўзбекистонда заргарлик саноатини ривожлантириш учун жуда катта салоҳият мавжуд. Бухоро вилояти раҳбарлари билан учрашувда шу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик қилиш юзасидан фикрлашиб олдик.
— Ушбу фестиваль мен учун эсда қоларли кечди, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, сурхондарёлик Ўролтош Хуррамова. — Зардўзлик ва каштачиликни уйғунлаштириб хаттотлик санъати йўналишида ижод қилиб келяпман. Тажрибали ҳунармандларнинг маҳорат дарсларида қатнашдим. Янги ғоялар туғилди. Термиздаги афғон фуқароларини ўқитиш таълим марказида тўгарак раҳбариман. Бу ерда ўрганганларим иш фаолиятимда ҳам асқатади, албатта.
Бухоро давлат университетида “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида ўтказилган халқаро илмий – амалий анжуман ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши Осиё ва Тинч океани минтақаси президенти А. Муртазоев, Донг Хва миллий университети (Тайвань фахрий профессори Ю Яо Ван, Бошқирдистон республикаси (Россия Федерацияси) “Агидель” бадиий ҳунармандчилик давлат унитар корхонаси бош директори Гузел Каримова, ЎзФА академиги А. Ҳакимов ва бошқалар зардўзлик ҳамда заргарлик соҳасида тўпланган бой тажриба, уларнинг дунё халқлари ҳаётида тутган ўрни, ечимини кутаётган масалалар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳаза юритдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, юртимизда халқ амалий санъати кириб бормаган маҳалланинг ўзи йўқ. Айни пайтда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларининг сони 25 минг нафардан зиёд. Шогирдлари эса 65 минг нафардир. Уюшма аъзоларининг салмоқли қисмини зардўз ва заргарлар ташкил этади. Мазкур далиллар халқ амалий санъатининг бу икки йўналиши авлоддан авлодга ўтиб, сайқал топиб келаётганини англатади. Бинобарин, анъаналарни янги босқичга олиб чиқиш, иш ўринлари яратиш долзарб масала саналади.
— “Дунёда бир нафар аёл қолганида ҳам зардўзу заргарга иш топилади”, деган нақл бор, — дейди Бухоро зардўзлик мактаби дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ устаси Бахшулла Жумаев. — Халқ амалий санъатининг бу икки йўналиши сайқал топадики, заволга асло юз тутмайди. Ҳунарнинг сиру синоати шунда. Халқаро фестиваль сабаб дунёнинг мана ман деган ҳунармандлари, санъатшунослари Бухорода жам бўлгани ҳам кўп нарсадан дарак беради.
Дарвоқе, фестиваль низомига мувофиқ, хорижий ва маҳаллий ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлов ҳам ўтказилди. Фестиваль мукофот жамғармаси 44 минг АҚШ долларидан иборат бўлди. Малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олим, тадқиқотчилар, амалиётчилар, иштирокчи давлатлар вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан “Энг яхши заргарлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўзлик ташкилоти”, “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўз” каби жами 12 та номинация бўйича ғолиблар номи аниқланди. Ғолиблар қаторида мезбонлар вакили Саодат Ёдгорова, Гулчеҳра Ҳамидова (Самарқанд), Бобир Динмуҳаммедов (Тошкент), Мақсуд Убайдуллаев (Фарғона) каби халқ амалий санъати усталари, шунингдек, Эрон, Таиланд, Италия, Болгария сингари қатор давлатлар вакилларини кўриш мумкин.
Арк қўрғони олдида салкам икки минг нафар томошабинга мўлжаллаб барпо этилган, қуш парвози баландлигидан қаралса тилла зирак шаклини эслатувчи кўчма амфитеатрда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури тўпланганларга хуш кайфият улашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг