Халқаро конференция: Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш устувор йўналишлардан бири

18:51 20 Июль 2022 Сиёсат
479 0

“Жаҳон конституцияларида хотин-қизлар ҳуқуқи тўғрисидаги қоидаларнинг акс этиши” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбати хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш, гендер аудит ва гендер тенглик масалаларига бағишланди.

БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг юртимиздаги лойиҳалари координатори вакилларидан иборат халқаро экспертлар иштирок этган йиғилишда бугунги кунда Ўзбекистон бошқарув тизимида аёллар улуши 33 фоизга етгани, 81 та вазирлик ва идорада билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилгани маълум қилинди.

Таъкидландики, ташкилот ва корхона рахбарларининг ўртача 45,3 фоизи – аёллар. Хотин-қизлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритаётганларнинг 82 фоизини, фан, таълим, маданият, санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг 29 фоизини ташкил этади.

Анжуман иштирокчилари юртимизда эришилган марраларни эътироф этган ҳолда, соҳанинг конституциявий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш ҳозирги замоннинг талаби эканини қайд этди. Хусусан, хотин-қизлар ва эркакларнинг барча иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ташкилот ёки корхона томонидан жинслар ўртасидаги камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш масаласи муҳокама қилинди.

Хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш, оила ва меҳнат вазифалари ўртасида мувозанатни сақлашда муаммоли ҳолатлар учраб тургани айтиб ўтилди. Бундай ҳолларда қонуний чора кўриш, аёллар ҳуқуқини конституциявий асосда белгилаш зарурлиги таъкидланди.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган тамойил асосида биргина 2021 йилда 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатларини бюджетдан қоплаш тартиби жорий этилган. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 триллион сўмдан зиёд кредит ва субсидиялар ажратилган.

Айтишларича, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди. “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингида 45-ўринни эгаллади.

Мулоқот чоғида соҳага оид вазифалар ва Конституциявий қонун лойиҳасидаги “ижтимоий давлат қуриш”га қаратилган бошқа янгиликлар Янги Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш сиёсатининг устувор йўналишларига мослиги бир овоздан маъқулланди.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари хорижий давлатлар Конституцияларида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоялашга доир қўшимча нормалар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди.

Тадбир давомида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар вакиллари Греция, Австралия ва бошқа қатор давлатларда хотин-қизлар иштирокини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини оширишга қаратилаётган ислоҳотлар хусусида тақдимотлар намойиш қилди.

Давра суҳбати соҳага оид мавзуларда, мунозаралар шаклида давом этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер