Халқ табобати товарлари рекламасига доир қандай тартиблар белгиланди?

19:36 17 Август 2022 Жамият
320 0

Фото: Иллюстратив фото

2022 йил 7 июнда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги янги Қонуннинг 45-моддасида халқ табобати товарлари рекламаси бўйича тартиблар белгиланган.

Унга кўра, рекламалар халқ табобати товарларини қўллаш натижасида касалликлардан тузалганлик ва инсон соғлиғи ҳолати яхшиланганлигининг муайян ҳолларига ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги лозим.

Шифокорга мурожаат этиш керак эмаслиги ҳақида таассурот уйғонмаслиги керак.

Халқ табобати товарларини дори воситалари, овқатга қўшиладиган биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари сифатида тақдим этиш тақиқланади.

Бундан ташқари, халқ табобати товарлари рекламаси:

— соғлом одамда уни қўллаш зарурлиги тўғрисида таассурот уйғотмаслиги;

— вояга етмаганларга қаратилмаслиги;

— ижобий таъсири, хавфсизлиги, самарадорлиги ва ножўя таъсирлари мавжуд эмаслигини кафолатламаслиги;

— давлат рўйхатидан ўтказиш учун мажбурий бўлган тадқиқотлар олиб борилганлиги фактига ҳавола қилиш йўли билан халқ табобати товарларининг афзалликлари тўғрисида тасаввур ҳосил қилмаслиги;

— халқ табобати товарларининг хавфсизлиги ва (ёки) самарадорлиги уларнинг табиий келиб чиқиши билан кафолатланганлиги тўғрисидаги таъкидларни ўз ичига олмаслиги керак.

Халқ табобати товарлари рекламасида уларни қўллашга ва улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислардан маслаҳатлар олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

Шунингдек, Қонунда халқ табобати товарлари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш тақиқланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Қонунда барча турдаги реклама матнлари давлат тилида бўлиши мажбурийлиги белгилаб қўйилди.

Мазкур ҳужжат шу йил 9 сентябрдан кучга киради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер