“Халқ сўзи”даги танқидий чиқишдан сўнг тадбиркорга бир миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги маблағ тўлаб берилди. Аммо...

21:19 23 Ноябрь 2021 Жамият
268 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг августида “Халқ сўзи” газетаси ва газетанинг расмий сайтида Ғиждувон туманидаги “Шукур Тўхта” фермер хўжалиги дуч келган муаммолар ҳақида “Ранг кўр, ҳол сўр” ва “Кўрпасига қараб оёқ узатмаган банклар нега тадбиркорни сарсон қилмоқда?” сарлавҳали танқидий мақолалар эълон қилинган эди.

Гап шундаки, мазкур фермер хўжалиги давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кўплаб кам таъминланган оилаларга банк кафолат хати асосида зотдор чорва моллари етказиб берган, аммо бир қатор молиявий муассасалар пулни вақтида тўламай, тадбиркор чорвадорни сарсон – саргардон қилишаётган эди.

Танқидий мақоладан сўнг бу муаммо ечимини Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов ўз назоратига олди. Вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракати, қатъияти билан “Шукур Тўхта” фермер хўжалигининг муаммоси ҳал этилди. Хўжалик ҳисоб рақамига ҳозиргача қарздор банклар томонидан жами 1 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги маблағ кўчириб берилди. Шу тариқа наслли чорвачилик билан машғул фермер хўжалигининг мушкули ечим топди. Хўжалик иш юритувчиси Амон Тўхтаев гоҳ у туман, гоҳ бу туман маркази ёки Бухоро шаҳридаги банклар эшигига бориб, “Ҳалол меҳнат эвазига топган пулимизни беринглар”, дейиш ташвишидан хийла қутилди. Аксинча, унда хўжалик фаолиятини кенгайтириш, ишчиларга ўз вақтида маош бериш, муҳими, чорвачилик равнақига ҳисса қўшиш имконияти юзага келди. Жумладан, у таҳририят билан боғланиб, айни дамда Россияда хизмат сафарида эканини, наслли чорва моллари олиб келиш юзасидан келишувларга эришаётганини билдирди.

Юқорида “хийла” деган иборани ишлатишимиз бежиз эмас. Тадбиркорнинг таъкидлашича, қарздорлик масаласи ҳали кун тартибидан батамом тушган эмас.

– Қўшни Навоий вилояти Қизилтепа туман “Микрокредитбанк”нинг кафолат хати асосида шу туманда яшовчи Шаҳодат Шукурова ва Жасур Салимовга жами 54 миллион 480 минг сўмга наслли чорва моллари берганмиз, – дейди А. Тўхтаев. – Аммо орадан етти ой ўтди ҳамки, бу маблағни ололганимиз йўқ. Пулимизни сўраб борсак, банк мутасаддилари турли баҳоналарни рўкач қилишади, қуруқ ваъда бериб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришади. Ваҳоланки, кафолат хатларида пулни нари борса ўн ёки йигирма банк иш кунида ўтказиб бериш очиқ-ойдин қилиб ёзиб қўйилган.

Дарҳақиқат, “Микрокредитбанк” АТБ Қизилтепа филиали бошқарувчиси А. Шарипов имзоси билан берилган кафолат хатларида чорва моллари етказилган кундан бошлаб 10 (ўн) банк иш куни мобайнида пул тўлиқ ўтказиб берилиши кафолатланиши айтилган. Лекин мана, бир эмас, икки эмас, етти ой ўтибди ҳамки, пулдан дарак йўқ. Шу ўринда савол туғилади: “Жаноб бошқарувчи, ходимларингизга маошларини етти ой давомида тўламасангиз, уларнинг қай аҳволга тушишларини тасаввур қила оласизми? Ахир, фермер хўжалиги аъзолари ҳам не-не умидлар билан ҳалол меҳнат қилишмоқда. Сиз беришни кафолатлайман, деган ўша 54 миллион сўм маблағ уларнинг она сутидек ҳалол пуллари эмасми?”

– Оворагарчиликдан зада бўлгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қизилтепа туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим, – давом этади А. Тўхтаев. – Шундан сўнг Марказий банкнинг Навоий вилояти бошқармаси ва “Микрокредитбанк” Навоий вилояти минтақавий филиалидан жавоб хатлари келди. Уларни ўқиб, йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмайсан, киши. Бирида бизга банк томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича тушунчалар берилгани айтилса, иккинчисида кредит аризалари оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилиниши белгилангани, фуқаролар номига фалон сайт орқали аризалари ижобий қаноатлантирилганидан сўнг кредит маблағлари ажратилиши айтилган. Хўп, шундай экан, унда нега “Микрокредитбанк” Қизилтепа туман филиали бизга маҳсулотни етказганингдан кейин ўн иш кунида пулингни кўчириб бераман, деб кафолат хати берди?

Таассуфки, ҳар иккала хатда ана шу саволга жавоб йўқ. Қолаверса, Бухоро вилоятидаги тижорат банклари кафолат хатлари асосида фермер хўжалиги пулларини тўлаб беришди-ку. Нима, қўшни Навоий вилоятида банк тизими соҳасида тамоман бошқача тартиб ўрнатилганми?! Шундай экан, ҳақли савол туғилади: фермер хўжалигига тегишли маблағни бериш қачонгача пайсалга солинади?

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?