"Халқ сўзи"да эълон қилинган мақолага Журналистлар уюшмаси муносабат билдирди

00:50 22 Август 2021 Жамият
1011 0

Аввалроқ, сайтимизда «Журналистикага қабул: ижодий имтиҳонлар нега олиб ташланди» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Унда мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига қатор саволлар билан мурожаат қилган. Яъни олий таълим муассасаларининг журналистика факультет ва йўналишларига қабул жараёнида касбий-ижодий имтиҳонларни қайта тиклаш масаласи кўтарилган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг маълум қилишича, уюшма мақолани атрофлича ўрганиб чиққан.

Қайд этилишича, уюшма ушбу масалани ўрганиш мақсадида тегишли ташкилотлар масъуллари билан боғланган. 

Маълум бўлишича, 2020 йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегишли тартибда пандемия туфайли журналистика соҳасига қабул қилинадиган абитуриентлардан вақтинча, карантин талаблари юмшагунича касбий-ижодий имтиҳон олинмаслиги ҳақида Республика олий таълим муассасаларига қабул бўйича давлат комиссиясига таклиф киритган. Таклиф маъқулланиб, Давлат тест марказига топшириқ берилган ва ушбу топшириқ жорий йилда ҳам амал қилган.

«Мақолада бу тартиб нима учун бошқа касбий-ижодий имтиҳон талаб қилинадиган соҳаларга татбиқ этилмаётганига алоҳида урғу қаратилганки, бу борада мутасадди ташкилотлар тегишли жавоб беради, деб умид қиламиз.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси журналистика соҳасида касбий-ижодий имтиҳон олиниши тарафдори эканини алоҳида таъкидламоқчимиз. Қолаверса, ушбу масалада масъул идораларга ўз таклиф ва тавсияларини билдиришини маълум қиламиз», дейди уюшма раҳбари Олимжон Ўсаров.

Аммо, мақолада номи келтирилган қолган қатор мутасадди ташкилотлар ҳамон сукутда. Ўйлаймизки бу узоққа чўзилмайди, танқидимизга ижобий жавоб қайтаришларини кутамиз...

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест марказига яна бир бор ҳақли саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз. 

Нега касбий-ижодий имтиҳонлар айнан журналистика йўналишида олиб ташланди? Карантин қоидалари рўкач қилинар экан нега барча ижодий имтиҳони бор йўналишларда ҳам бу ҳолат кузатилмади? Истеъдодсиз журналистлар етиштиришдан кимга наф? 

Таҳририятимиз юқорида номи қайд этилган ташкилотлардан аниқ жавоблар кутади. Зеро, журналистика ҳам худди рассом ёки санъаткорники сингари, кишидан фавқулодда ноёб талантни талаб қиладиган касбдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?