"Халқ сўзи" мухбири хабар қилади: Тоғли Қорабоғ. Вайрон бўлган шаҳарлар қайта тикланмоқда

12:48 03 Сентябр 2021 Жамият
857 0

«Халқ сўзи» мухбири Дилшод Каримов Озарбайжонда бўлиб турибди.

Туркий тилли давлатлар Кенгашига аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари вакилларининг Озарбайжонга уюштирилган пресс-тур доирасида журналистлар Тоғли Қорабоғга сафар қилишди.

Журналистлар Озарбайжон Қуролли кучларининг Арманистон босиб олган ерларни озод қилиш учун жанг кечган ҳудудлар, вайроналарни тиклаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Меҳмонлар ўтирган бешта автобус Жабраил шаҳрига элтувчи паст-баланд йўллардан кетиб борар экан, йўл-йўлакай ҳар қадамда уруш даҳшатларининг изига кўзингиз тушади. Бу ҳудудларда жанглар қаттиқ кечгани ҳар қадамда кўриниб турибди. Уруш оқибатида вайронага айланган аҳоли яшаш пунктлари ҳувиллаб ётибди. Хароба уйлар яполоққушлар, илону чаёнлар маконига айланиб боряпти. Эгасиз қолган боғ-роғлар қуриб, серрайиб турибди. 

Лекин қувонарлиси, бугун Қорабоғда тиклаш ишлари бошланиб кетган. Қорабоғнинг юраги — Шуша шаҳрида электр, газ, ичимлик суви тармоқлари янгиланмоқда, ижтимоий объектлар таъмирланяпти.

Фақат уйларнинг тўрт деворидан иборат вайроналар, қуриб қолган  узумзорлар, инсон қўли билан экилган ва узоқ вақт парвариш кўрмаган мевали дарахтларнинг мунғайган таналари, қаровсиз қолган қабристонлар, бузиб ташланган қабр тошлари уруш даҳшатидан сўзлаб турибди. Ҳа, бу ерларда бир вақтлар инсонлар яшаган, ҳаёт қайнаган. Йўл ёқаларида ёниб оддий темир уюмига айланган танклар, снаряд синиқлари, портлаган мина парчалари уруш одамлар учун мислсиз кулфат келтиришини эслатиб турибди.

Бу даҳшат изларини кузатар экансан тинчлик одам учун қанчалар буюк неъмат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз ва албатта бу неъматни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканига амин бўласиз.

— Ҳукуматимиз вайронага айланган ҳудудларни яна қайта тиклаш, уруш туфайли бу ерларни мажбуран тарк этган қочқинларни яна ўз ерларига қайтариш учун улкан бунёдкорлик ишларини олиб бормоқда, — дейди сиёсатшунос Русиф Ҳусайнов. — Қудратли техникалар тепаликларни кесиб янги асфальт йўл қурмоқда. Электр энергияси таъминотини тикламоқда.

 

— Ҳадемай уйлар қайта қурилади, боғу хиёбонлар, мактаблар, масжидлар бунёд этилади. Бунинг учун Озарбайжонда молиявий ресурслар етарли, энг муҳими халқимизнинг иродаси мустаҳкам, руҳан тайёр, қолаверса, мана шундай қийин дамларда ҳам қардош ва дўст мамлакатлар халқимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб тургани бизга алоҳида куч бағишлайди.

Пресс-тур давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?