“Халқ ишонган депутатнинг хато қилишга ҳаққи йўқ”

13:50 23 Январь 2025 Жамият
208 0

Ўтган йил октябрь ойида бўлган сайловларда Сирдарё вилоятида маҳаллий Кенгашларга жами 270 нафар депутат сайланган. Қайд этиш лозимки, депутатлар фақат жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.

Бу галги сайловларнинг олдинги сайловлардан фарқи кўп бўлди. Аммо бир жиҳатга эътиборни қаратмоқчиман: депутатларнинг сифат таркиби яхшиланди. Уларнинг қарийб 90 фоизи олий маълумотли, ҳатто вилоят Кенгашга сайланган 40 нафар депутатдан 5 нафари фан доктори илмий даражасига эга. Демак, келгуси беш йил давомида пайдо бўладиган ҳар қандай мураккаб масалаларга ечим топа оладиган улкан салоҳият бор. Бундан ташқари, депутатларимиз таркибида хотин-қизлар улуши кўпайиб 35 фоизга етди.

Ислоҳотлар туфайли давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштириш, халқ ҳокимиятчилиги асосларини кучайтириш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди.

Аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун чинакам “халқ овози” бўлмиш маҳаллий Кенгашларга кенг ваколатлар берилди. Маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши белгилаб қўйилди. Асосий Қонунимизнинг 120-моддасига мувофиқ Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг 1-сессиясида депутатимиз Покиза Ахмеджанова вилоят Кенгаши раиси этиб сайланди.

Янги шароитда ишни нимадан бошлаш керак, деган савол ҳаммани қийнаётган эди. 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати 1-ялпи мажлисида Юртбошимиз олдимизга 5 та вазифани қўйди. Булар норма ижодкорлигига яъни, янги қонунлар лойиҳалари муҳокамасида халқнинг иштирокини таъминлаш, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар моҳиятини сайловчиларга жонли, ишонарли ва тушунарли етказа олиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижросида қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш, маҳаллий бюджет ижроси устидан назоратни таъминлаш, масъул раҳбарлар ҳисоботида самарадорликка эришишдан иборат.

Вилоят Кенгаши котибияти томонидан янгича ишлаш формалари, методикаси ишлаб чиқилмоқда. Мисол учун ойнинг охирги 10 кунлиги — маҳаллабай ишлаш” декадаси деб эълон қилинди. Аниқланган муаммолар даражасига қараб, яъни “маҳалла — туман — вилоят — республика” миқёсида ҳал қилинадиган бўлди. Хусусан, ноябрь-декабр ойларидаги учрашувларда аҳоли томонидан жами 223 та муаммо кўтарилди. Уларнинг 55 таси ички йўл, 36 таси сув, 50 таси электр энергия ва табиий газ, 18 таси қурилишга оид, 43 таси ижтимоий соҳа, 21 таси шахсий масалаларни ташкил этди. Кўтарилган муаммоларнинг 132 таси маҳалланинг ўзида ҳал бўлди. 65 таси Кенгаш ҳузуридаги доимий комиссиялар йиғилишларида ўз ечимини топган бўлса, 26 та масала Кенгашнинг навбатдаги сессияларида муҳокама қилиниш белгилаб олинди.

“Депутатлар фақат қарсак чалади”, деган фикрдагиларга биз учун қонунга айланган Муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги сўзларини келтирмоқчиман: “Давлат ва халқ хизматчисининг – у сенатор ёки депутат бўладими, ҳоким ёки вазир бўладими – раҳбарлик масъулиятини ўз зиммасига олганидан сўнг беғам-бепарво, лоқайд бўлиб юришга, ҳузур-ҳаловатга берилиб яшашга маънавий ҳаққи йўқ”.

Абдушокир АБДУРАҲМОНОВ,

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер