Сенат Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг сўнгги сессиясида юз берган ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бормоқда

15:54 18 Май 2021 Жамият
249 0

Шу кунларда интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 2021 йил 17 май куни бўлиб ўтган сессиясида юз берган ҳолатлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Интернетда тарқалган хабарлар кўра, ушбу сессиясида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши айрим депутатларининг дахлсизлик ҳуқуқига риоя қилинмаганлиги қайд этилган.

Унда, Андижон шаҳар Кенгаши депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича прокурор тақдимномаси дастлаб «Регламент ва депутатлик одоби» масалалари бўйича доимий комиссияда кўриб чиқилмасдан сессия кун тартибига киритилганлиги, сессия материаллари депутатларга танишиб чиқиш учун олдиндан тақдим этилмаганлиги, сессия очиқ ошкора ўтказилмаганлиги таъкидланган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади.

Бундан олдин депутат Расул Кушербаев ҳам сессиядаги ҳолат бўйича муносабат билдирганди.

«Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилибди. Бунда депутат дахлсизлигига амал қилинмаган.

Ушбу сессияда Андижонда ер сотувчиларнинг кирдикорларини фош қилиб юрган депутатни прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишибди. 

Катта эҳтимол билан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқигаям тупуриб тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд «ўша» шахслар бўлиши керак.

Ноқонуний тинтув ўтказилишига келганда тақдимнома киритган қонун ҳимоячиси прокурорни кўзи қаерда қолди, деган савол очиқ қоляпти» деб ёзганди депутат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?