Келгуси йилда гидроэнергетика соҳасида 170 мегаваттли 7 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда

21:47 30 Ноябрь 2021 Сиёсат
878 0

Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда энергетика соҳаси кенг кўламда ривожлантирилмоқда. Нефть, газ каби углеводородлар билан чекланиб қолмасдан, қуёш, шамол ва сувдан электр энергияси олиш иншоотлари барпо этилмоқда. 

Хусусан, 2017 йилда Президент фармони билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилган эди. Ўтган даврда 11 та янги гидро электр станцияси қурилиб, 8 таси модернизация қилинди. Натижада 244 мегаваттлик қўшимча қувват яратилди.

Лекин, юртимизнинг гидроэнергетика салоҳияти 50 фоиз ишга солинган, холос. Шу боис жами 740 мегаватт қувватли 21 та йирик лойиҳа ишлаб чиқилган. Хусусан, келгуси йилда 170 мегаваттли  7 та, 2023-2024 йилларда 150 мегаваттли 12 та ҳамда 2025-2026 йилларда 420 мегаваттли 2 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Тақдимотда ушбу иншоотларни сифатли қуриш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари тўғон талаб этмайдиган кичик гидростанциялар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бунга хусусий секторни жалб қилиш кераклигини таъкидлади.

Бугунги кунда 22 та шундай истиқболли майдон рўйхати шакллантирилган. Уларда қуввати 5 мегаваттгача бўлган мини гидро электр станциялар қуриш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Шунингдек, Норин, Сўх, Танхоз, Оқ булоқ, Угам каби дарёлар ва каналларда 500 киловаттгача қувватга эга ихчам гидростанциялар ўрнатиш имконияти бор. Тадбирда қайд этилганидек, бундай жойлар рўйхати аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилинади. Бунда қуёш, шамол электр станциялари ўрнатгани учун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган бўлса, кичик гидростанциялар учун ҳам шундай имтиёз ва субсидиялар қўлланилиши белгиланди.

Гидроиншоотларни ишлатиш учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Техника, ирригация ва архитектура йўналишидаги олий ўқув юртларида бунга алоҳида аҳамият қаратиш, уларда қурилиш ҳамда гидравлик лабораториялар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?