Келди очилур чоғинг...

13:06 16 Ноябрь 2020 Жамият
247 0

Жамиятда гендер тенглиги масаласи кеча ёки бугуннинг гапи эмас. Тарих саҳифалари ва муқаддас китоблар, ҳадиси шарифдан бунга ибратомуз кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Зеро, инсон тафаккур соҳибига айланибдики, жамиятда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни камситишнинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида бош қотиради. Мамлакатимиздаги янгиланишлар эса мазкур долзарб масалани мутлақо янги ракурсдан ўрганиш ва кузатилган камчиликларни қоғозда эмас, амалда бартараф этиш вазифаларини илгари сурмоқда.

Шу жиҳатдан Навоий вилоятида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида ҳудудда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда яқин истиқболда турган вазифалар ҳам муҳокама этилгани алоҳида эътиборга молик.

Анжуманда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вилоятда Гендер тенглик бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди. Чунончи, вилоят бўйича 1991-2020 йилларда 208 нафар хотин-қиз давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирлангани, 856 нафар хотин-қизнинг турли соҳаларда раҳбарлик лавозимида фаолият олиб бораётганлиги, жорий йилда вилоятдан 28 нафар аёл тавсиянома асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўналишида эътиборга молик кўрсаткич сифатида қайд этилди. Шунингдек, 2020 йил бошида шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда уй-жойлар қурилиши режалаштирилган ҳудудлардан Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида жами 43 нафар хотин-қизга Хотин-қизлар жамоат фонди маблағлари ҳисобидан уй-жойларнинг бошланғич 10 фоиз бадаллари тўлаб берилди.

— Вилоятда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан 4 миллиард 300 миллион сўмлик кредит маблағлари йўналтирилиб, 254 нафар аёл ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, — дейди вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. — Шунингдек, йил бошидан буён 1931 нафар хотин-қиз марказимиз томонидан тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишларида ўқитилиб, уларга сертификатлар топширилди.

Матбуот анжуманида вилоятда Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳуқуқий ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили айниқса, мунозара ва саволларга бой бўлди. Мазкур масала юзасидан вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Гулбаҳор Ўсарова маълумот бериб, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоят ҳудудида яшовчи 490 нафар аёлга маънавий, руҳий, жисмоний, иқтисодий, жинсий зўравонлик ва тазйиқлардан жабр кўрганлиги учун «Ҳимоя ордери» берилганлигини, биргина октябрь ойида бу кўрсаткич 180 нафарни ташкил этганлиги ўта ташвишли ҳолат эканлигини маълум қилди.

Албатта, жамиятда 28 нафар аёлга ОТМга тавсиянома, 43 нафар оила бекасига уй-жой учун имтиёз, 254 нафарига тадбиркорлиги учун кредит маблағлари берилаётган бир пайтда 418 нафар аёлнинг оилада, 32 нафар хотин-қизнинг кўчада, 9 нафарининг эса иш жойида тазйиқ ва зўравонликка учраши(бу ошкор бўлганлари) Гендер тенглиги ва фуқароларнинг аёлга эҳтироми ҳали таомилдан анча йироқлигидан далолатдир.

Матбуот анжуманида иштирок этган журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган масалаларга атрофлича жавоб олдилар.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?