Келажакда ким бўлсам экан?

14:12 26 Сентябр 2022 Жамият
2378 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун бир олам орзулар билан катта ҳаётга интилаётган ўқувчи ёшларни ана шу савол ўйлантириши табиий.

Бу борада Президентнинг 2022 йил 11 майдаги «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори назарий ва амалий билимларни ўзаро уйғунлаштириш борасидаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўз навбатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб касб эгаларининг меҳнат фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида умумтаълим мактабларининг 5-7 синф ўқувчилари учун турли учрашув ва сайёр дарслар ташкил этиш, 7-9 синф ўқувчиларининг касбга мойиллигини аниқлаш бўйича ташхислар ўтказиб борилади. Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, ўқувчилар иштирокида ишлаб чиқариш корхоналари, ҳунармандчилик марказлари ва бошқа ташкилотларга экскурсиялар ташкил қилиш вазифаси белгиланди.

Айни кунларда Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан касб-ҳунар мактабларида умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида шундай тадбирлар ташкил этиляпти. Куни кеча бошқарма бошлиғи Тўйчибой Бойматов Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар мактабида шаҳарда жойлашган умумтаълим мактабларининг 7-9 синф ўқувчилари билан юзма-юз суҳбатлашди. Унда таълим муассасасида ўргатилаётган касблар, ўрта бўғин соҳаси мутахассисларининг жамият ҳаётида тутган ўрни хусусида маълумот берилди.

— Бу каби учрашувларни вилоятнинг барча касб-ҳунар мактабларида ўтказишни режалаштирганмиз, — дейди Т. Бойматов. — Бундан кўзланган мақсад ҳар бир йигит-қиз ўзига муносиб касб танлашига эришиш, айниқса, касб-ҳунар мактабларида ўқиш истагидаги ўқувчиларнинг тезроқ ушбу таълим даргоҳларига мослашиши учун кўмаклашишдир. Бугунги мулоқотдан сўнг ўнлаб ўқувчилар касб-ҳунар мактабида ўқиш ва яхши касб эгаси бўлиш истагини билдирди.

Ҳозирда Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят бўйлаб умумтаълим мактаблари 7-9 синф ўқувчиларининг касб-ҳунарга мойиллигини аниқлаш бўйича экскурсиялар уюштириш ҳамда касб-ҳунар мактабларидаги мавжуд касблар билан таништириш ишлари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер