Келажак коллежлари. Улар қандай бўлиши керак?

16:23 29 Декабрь 2018 Жамият
5077 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий маркази лойиҳаси билан танишиш давомида “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди”, деб таъкидлаган эдилар.

Айниқса, жамият ва шахс тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутадиган, келажак бунёдкорлари бўлган ёш авлодни тарбиялаш масъулияти юкланган таълим соҳаси муттасил янгиланиш, илғор ва инновацион ғоялар билан уйғун тараққий этишни талаб қиладиган соҳа саналади.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3504-сонли қарори асосида “Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти” ташкил этилди.

Ўз навбатида мазкур институт олдига мутлақо янги, замонавий таълим тизимини жорий этиш, таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий жараённи илғор педагогик технологиялар, замонавий инновацион шакл ва услубларда ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Инновацион ривожлантириш институтда “Инновацион муҳит” яратилди ва барча таълим муассасаларига кенг татбиқ этилмоқда.

Инновацион ривожлантириш институтини ташкил этиш мақсади ва янги тенденциялари

Муҳтарам Юртбошимиз ўз маърузаларининг бириди “Инновация бўлмас экан, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз”, деб айни ҳақиқатни айтган эдилар.

Таълим бўйича Халқаро комиссия томонидан XXI аср - фан техника тараққиёти даврида таълим олдига 4 та устивор мақсад қўйилгани алоҳида эътироф этилади: яшашни, англашни, бажаришни ўрганиш ҳамда биргаликда яшаш, англаш ва бажаришни ўрганиш.

Барча мамлакатлар олдига айнан шу мақсадларни амалга ошириш, инновацион ёндашув асосида ёшларнинг бор қобилият ва иқтидорларини юзага чиқара олиш талаби қўйилган.

Ўз навбатида аҳолининг турли тоифаларини “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига имконият яратиш лозим.

Бу жараёнда ўқув муддатлари табақалашган тизимни жорий этиш, янги касблар ва мутахассисликлар, ўқув юкламалари, таълим стандартлари тузилмасининг тубдан янгиланган шаклларини йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар, вазирлик ҳамда идораларнинг малака талаблари асосида қайта ишлаб чиқишдек ўта масъулиятли ва мураккаб вазифаларни самарали ҳал этиш талаб этилади.

Халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида “Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланаётгани ислоҳотларни мамлакатимизнинг жаҳон цивилизацияси етакчилари қаторига кириш йўлида тез ва сифатли илгарилашини таъминлайдиган замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда амалга оширишни тақозо этади” деб алоҳида таъкидланган.

Дарҳақиқат, таълимни инновацион ривожлантириш соҳасида тараққий этган давлатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиш ва тадбиқ этиш,Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш,Халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бугун ҳар қачонгидан муҳим.

Халқаро ҳамкорлик, ўз навбатида,таълим сифатини яхшилаш, мутахассислар ва бошқарув персонали малакасини ошириш, Республика ҳудудларида хорижий инвестиция лойиҳаларини жадал суръатлар билан амалга ошириш ҳамда вазирлик ва идораларнинг буюртмалари асосида мақсадли кадрлар тайёрлаш, иш жойларини малакали кадрлар билан таъминлаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 январда қабул қилган Фармонида бугунги кунда таълим соҳаси олдига қўйилаётган вазифалар сифатида “Етакчи маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун касб-ҳунар таълими соҳасига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш” алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, касб-ҳунар таълими миллий стандартлари талабларини халқаро таълим стандартлари таснифлагичига, халқаро малака талабларига мувофиқлаштириш, миллий малака талабларини босқичма-босқич халқаро аналогларга мослаштириш ва эътироф этилишига қаратилган ишларни ташкил этиш олдимизда турган долзарб вазифалар ҳисобланади.

Ўз навбатида шу асосда Халқаро квалификация рамкаларига уйғунлашган миллий квалификация рамкаларини жорий этиш, таълим стандартларини “Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи” (МСКО) га уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнат ресурсларидан оқилона ва самарали йўналтириш, ташқи меҳнат бозори учун сифатли мутахассислар тайёрлаш мақсадида ривожланган мамлакатларнинг соҳадаги тажрибаларини ўрганиш ва жорий этиш борасида қатор Халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, биз бугунги кунда турли таълим лойиҳалари бўйича 14 дан ортиқхалқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда, шундан 5 таси билан турли йўналишларда лойиҳалар олиб борилмоқда (хусусан, Швейцария Ҳукуматининг “Касб кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси, Британия Кенгашининг ““Бандликни таъминлаш бўйича касб кўникмалари” дастури, GIZнинг “Маразий Осиёда касб-ҳунар таълими” регионал лойиҳаси, ЕТФ нинг “Турин жараёни” лойиҳаси, ЮНЕСКОнинг “Педагогларнинг АКТ кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси).

Ўтган тахминан бир йилдан ортиқ вақт мобайнида халқаро ташкилотлар билан 40 дан ортиқ турли даражадаги тадбирлар, халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари, музокаралар ва учрашувлар ташкил этилиб, ҳамкорликда амалга оширилаётган таълим дастурлари бўйича вазифалар келишиб олинди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Британия Кенгаши, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Швейцариянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси (Касбий кўникмаларини ривожлантириш лойиҳаси), Осиё тараққиёт банки, Европа таълим фонди, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Корея Элчихонаси ҳузуридаги Корея таълим маркази, Хитойнинг CCN Университетлар уюшмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан турли йўналишларда таълим лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, халқаро экспертлар жалб қилиниб, Ўзбекистонлик мутахассислар билан тажриба алмашиш ва малака ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилмоқда.

Келажакда, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик соҳаларини янада кенгайтириш, хорижий инвестиция ва грантларни жалб қилиб, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, бугунги кунда Европа Иттифоқининг грант маблағларини қишлоқ хўжалиги секторида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим тизимига жалб қилиш, Осиё тараққиёт банкнинг имтиёзли кредит ва грант маблағлари ҳисобидан Лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этиш, GIZ ташкилоти билан “Марказий Осиёда касбий таълим” дастури янги фазасини амалга ошириш шулар жумласидандир. “Европа таълим фонди” билан ҳамкорликни ривожлантириб, “Турин жараёни” лойиҳаси доирасида малакали хорижий экспертлар билан тажриба алмашишни кенгайтиришни мақсад қилиб қўйганмиз.

Буларнинг барчаси таълим муассасаларини инновацион ривожлантиришнинг янги тенденцияларини жорий этиш;

Тараққий этган мамлакатларнинг таълимда эришган билим ва тажрибаларини ўрганиш ва тадбиқ этиш, инновацион педагогик технологиялардан максимал даражада фойдаланган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этиш имконини беради.

Инновацияларни таълимга жорий этиш механизмлари

Давлатимиз раҳбари “Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз” номли асарида “Ҳаётимизнинг энг муҳим жабҳалари учун юксак технологиялар, илмий ишланмалар яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласи устувор аҳамиятга эга”, деб алоҳида таъкидлаган эдилар.

Шунинг учун келгусида таълимни инновацион ривожлантиришга доир долзарб мавзулардаги 17 та тақдимотлар тайёрланди ва малака оширишга келган тингловчиларга етказиш белгиланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Жумладан, Таълимнинг замонавий тизими: НРК, МСКО, МСКЗ, МСКП. Соҳалар, вазирлик ва идоралар учун тармоқ квалификация рамкалари (касблар даражаси) белгилаб берилади.

Касбий таълим ва касбга ўргатишнинг таркибий қисмлари (компонентлари):

- Касбий таълим ва касбга ўргатиш, касб стандартлари, янгиланган таълим стандартлари (куррикулумлар);

- Малака даражаси,касбга ўқитиш ва ўргатишнинг муддат ва шаклларини амалиётга жорий этиш масалалари таҳлил этилади.

Таълим тизимини рақамлаштириш. Рақамли технологиялар аҳамияти, Педагоглар учун янги малака талаблари, Таълимда инновацион муҳит, Келажак таълим муассасалари”, “Worldskills” ҳаракати, “Амалий квалификация маркази” тақдимоти ўтказилади.

Ўз навбатида таълимда малака ошириш тизимининг янги модели”“Таълимниўқув методик таъминоти”, “Таълим тизиминибаҳолаш ва малака сертификати”, Касб-ҳунар таълимида “Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги”, “Кичик ва хусусий тадбиркорлик учун технологик марказлар модели”, “Таълими тизимида мутахассисларнинг касб этикаси”,“Таълим тизимида педагогларни тайёрлашнинг замонавий методлари”, “Таълим тизимида инновацион таълим ресурслари”, “Электрон таълим ресурслари”, “Open Educational Resource, MOOC in TVET”,“Таълим тизимида сифатни таъминлаш”“Саноат 4.0” стратегиясини таълим тизимига жорий этиш масалалари бўйича тақдимотлар ўтказилмоқда.

Мазкур тақдимотларни амалга оширадиган “Инновацион лаборатория”, “Рақамлаштириш лабораторияси”, “Ижтимоий лифт”, “Осма китоблар”, “Инновацион кутубхона”, “Инновацион таълим музейи”, “Инновацион коридор”лар ташкил этилган.

Ҳар бир хонага таълимнинг янги элементлари билан жиҳозланди. Айланадиган китоб жавонлари, Интерактив доскалар, Планшет доскалар, Планшет парталар тингловчиларда янги инновацион муҳит компетенцияларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда – илм ўрганиш, таълим олиш, ижод қилиш инсонга роҳат бахш этиши учун, унда янги ғоялар, креативлик, ташаббускорликка рағбат уйғотиш учун барча замонавий шарт-шароитлар яратилди.

Хусусан, институт файэсида “Самовий китоблар” маскани, “Ижтимоий лифт”, “Инновацион аудитория”, “Инновацион таълим музейи”,“Рақамлаштириш” лабораториялари ташкил этилди.

“Самовий китоблар” маскани 4 та алоҳида алоҳида мазмун касб этадиган инновацион объектлардан иборат шаклда ташкил этилди.

Витраж

Ободлик остонадан бошланади, дейдилар. Билим олиш ҳам аслида бешикдан бошланади. Шунинг учун инновацион муҳит ҳам таълим муассасаси останасидан бошланса, моҳиятан тўғри бўлади.

Шу боис, институтга кириш ҳовлисида йиллар давомида очиқ ҳолатда турган витраж ҳозирда ғаройиб дизайнга эга шишали замонавий кириш дарвозасига айлантирилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Витраждан файэга киришда уч тилда “Кириш фақат онгини ўзгартиришга қодир инсонлар учун”, чиқишда “Ўқидингми, англадингми, идрок қилдингми, таълим олдингми?” сўзлари янгича кўринишда битилган.

Ҳар бир жумла, инсонни фикрлашга, ақлу тафаккурини чархлашга ундайди.

Оддий одам табиатан тафаккур ва идрок қилишга, фикрлашга қодир Ҳазрати Инсон эканини англашга чорлайди.

Ушбу чорлов сўзларининг ранги, ҳар бир сўз ва унинг ортидаги фон уйғунлиги шу масканга ташриф буюрган ҳар бир педагогни ҳушёр тортишга, асл мақсад ва муддаосини яна бир карра эслатиб қўйишга қодир.

Тараққиёт стратегияси бурчаги

Айни пайтда дунё давлатлари иқтисодий ривожланишининг Саноат 4.0 ва Таълим 4.0 босқичида. Таълим бериш воситалари, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳалари шитоб билан рақамлаштирилмоқда.

Саноатда кибернетика, сунъий онгда ишлаш илдамлаб кетди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистонда саноат бозорини рақамлаштириш бўйича алоҳида қарор қабул қилганлиги ҳам бежиз эмас, албатта. Сиз кўриб турган “Стратегик тараққиёт бурчаги”мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги ва келгуси босқичлари инновацион манзара касб этган.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон тараққиётининг бир қатор устувор йўналишлари рақамлаштирилди.

Бурчакка акс этган расмлар рақамлашган ҳолда тилга кириб, устувор йўналишлар тартиб билан терилгани, унинг ён атрофи тараққиётнинг устунлари бўлган КИТОБ, ИЛМ, СТРАТЕГИЯ, ИННОВАЦИЯ, ЦИФРОВИЗАЦИЯ сўзлари билан уйғунлашиб кетганини кўрамиз.

Бир қарашда қуёшдек нур сочиб турган доира атрофида мамлакатимизда жадал суръатлар билан равнақ топаётган мактабгача таълим тизимидан тортиб, давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан асос солинган янги соҳа - атом энергетикаси, тобора кенгайиб, улкан ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган нефт ва газ саноати, кластер услубидаги самарали фаолияти эвазига жаҳон бозорига чиқаётган текстил саноати, юртбошимиз раҳнамолигида жадал суръатларда ҳаётимизга кириб бораётган ахборот коммуникация технологиялари, “Tashkent City” - Халқаро ишбилармонлик маркази тимсолида гўзаллашиб бораётган шаҳарларимиз, жаҳон экспорт бозорида муносиб рақобатлашаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат саноати ва ниҳоят дунё рейтингида 200 дан ортиқ давлатлар орасида 39-ўринда эътироф этилган, мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилишга қодир замонавий армиямизнинг ватанпарварлик тимсолидаги улуғвор қиёфаси ҳар қандай ватандошимизда ғурур ва ифтихор уйғотади.

Ушбу композициядаги ранглар жилоси ва тасвирлар уйғунлиги бир тараф бўлса, иккинчи тарафдан улкан ва машаққатли, самарали меҳнат, кенг кўламда бажарилган ишлар замирида юртбошимиз қиёфасида нурли келажакка дадил боқиб турган донишманд ва жонкуяр инсон закоси ўз аксини топган.

Композициянинг ортидан қўйилган электр ёритгичлари рангларга ўзгача жило бериб турибди. Композицияга қанча кўп тикилсангиз унда ҳудудсиз Ватан сарҳадлари, юрт равнақи, инсон тафаккури қудратини шунча кўп кашф этасиз.

Китоб композицияси

30 метр квадрат жойга ўрнатилган КИТОБ композицияси бу муҳитда алоҳида ўрин тутади. Мазкур композицияда китоб сўзи барча билимлар, онг ва тафаккурнинг маҳсули сифатида марказда, катта ва бош ҳарфларда акс эттирилган.

Китобнинг улуғлиги, ҳар қандай тараққиёт, ривожланиш, жамият ва шахс равнақи китобни ўқиш ва уқишдан бошланишига ишора қилувчи рақамлаштирилган рамзий портрет.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Ушбу сўзатрофига гўё китоб қуёш янглиғ нур сочиб, ўз қаърида яширин, аммо ҳаёт учун сув ва ҳаводек зарур бўлган, моҳиятан китобнинг ўзидан бошланувчи тушунчалар – сўз ва атамалар жойлаштирилган: Онг, Идрок, Тафаккур, Дунёқараш, Илм, Билим, Таълим каби сўзлар 3 та тилда ўзбек, рус ва инглиз тилларида турфа ранглар ҳамда шаклларда жилваланади.

Бебаҳо сўзлардан ясалган ушбу бетакрор санъат асарига тикилган инсон кўз ўнгида беихтиёр инсоният тараққиётининг барча босқичлари – илк ғилдирак кашф этилишига асос бўлган илмдан тортиб, инновациялар ва нанотехнологиялар асосида қурилаётган бугунги замонавий даврнинг цивилизацияси ҳам гавдаланди.

Шу маънода, композиядаги ҳар бир сўз аслида инсоният ижтимоий ривожланишнинг алоҳида-алоҳида, лекин бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган компонентлари ҳисобланади. Ҳа, ҳар бир сўз инсонда аввало, китоб ўқиш, уни англаш, идрок қилиш, тафаккур қилиш ва кереатив ёндашишга тутки беради.

Монитор лаборатория

Фойэда 9 та монитордан иборат инновацион конструкция қурилган. Конструкцияда соҳалар кесимида Рақамлаштириш лабораториясида яратилган ўқув методик ишлар кунлик видеороликлар орқали ёритилиб борилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Мониторда кўрсатилаётган қисқа муддатли видеолавҳалар орқали лаборатория фаолияти тўғрисида тушунчага эга бўлади.

Инновацион конструкция таълим бериш воситаларидан бири сифатида фойдаланилади. Монитордан нафақат институт фаолият кўрсатаётган педагогларнинг илмий ишлар салоҳияти балки, тингловчи сифатида ташриф буюрганлар ўз ижод намуналарини намойиш қилиш имкониятига эга бўлишади.

“Ўн гапиргандан бир кўрган маъқул” дейди доно халқимиз. Шу боис, мультимедиа ишлар тингловчиларга визуал кўриш имкониятини яратиб беради.

Интерактив доска

Замонавий кўринишда фойэда турган интерактив доска инновацион таълим беришнинг техник воситаларидан бири.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Ушбу Интерактив доска янги педагогик технологиялар орқали дарс ўтишга имкон беради. Педагог компьютерида, ноутбукида бажарадиган барча амалларни ушбу интерактив доска орқали бажаради. Дастурларни очиш, дастурларга маълумот киргизиш, таҳрир қилиш ва тақдимот қилиш жараёни орқали ахборот технологиялардан фойдаланиш компетенцияларини кетма-кетликда ошириб борилади.

Тараққиёт устунлари

Фойэнинг чап тарафида 2 та устунларга кўк рангда ТАРРАҚИЁТ, СТРАТЕГИЯ, ИННОВАЦИЯ, ЦИФРОВИЗАЦИЯ сўзлари ёзилган.

Устунлар остидан чиқаётган ёруғлик уларни муаллақ тургандек, бутун бинони таянчсиз кўтариб тургандек тасаввур уйғотади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Вертикал ҳолатда турган сўзлар гўёки, улкан мақсадлар сари бўй чўзган ҳаёт йўлига ўхшайди.

Дарҳақиқат бугунги давр тараққиётининг асосий устунлари булар СТРАТЕГИЯ, ИННОВАЦИЯ, ЦИФРОВИЗАЦИЯдир.

Мазкур сўзлар, тараққиёт, онг, жамият, ривожланишнинг асосий мезонлари экани, улар орқали ёруғ келажак эшиклари очилиши мумкинлигига ишора қилинган.

Бу устунлар Инновацион муҳитда алоҳида аҳамият касб этиб, таълимда инновацияни қўллаш, инновацион методларни жорий этиш орқали креатив ёндашувни шакллантириш муҳимлигини англатади.

Устундаги ҳар бир сўз инсон омилини тубдан ислоҳ қилиш, ривожланиш сари ўзгаришга, хориж давлатларидаги таълим тизими билан рақобатбардош бўлишга ундайдиган рамзий маъно англатишини кўрамиз.

Роҳат билан таълим олиш

Фойэда Wi-Fi зона ташкил этилган. Тингловчилар мароқ билан дарсдан сўнг ҳафтасига 7 кун, кунига 24 соат давомида мустақил таълим олиш, хорижий таълим муассасалари билан боғланиш, ҳамкорлик қилиш, тажрибаларини ўрганишга имконияти яратилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Компьютер композициясини “Фазовий китоблар” конструкцияси ва унинг орқасида турган, парда ўрнига бўш дераза ромларидан унимли фойдаланилган дизайн бир-бири билан уйғунлашиб кетган.

Компьютерга ўтирган инсон дарҳол инновацион таълим муҳитини ҳис этади. Мониторнинг ёнларидан таралаётган нурлар инсоннинг онгини, қалбини илм ёғдусига чулғайди, вертуал таълим, илмлар макони юқори дид билан яратилган китоблар жавони инсонни ижод сари етаклайди.

Бир сўз билан айтганда илм олиш жараёни роҳатга, сирли ва ҳузурбахш, ҳаётбахш жараёнга айланади.

“Самовий китоблар”

Фойэда яна битта композиция инсонни ўзига ром этади. Китобларнинг шкаф жавонида эмас, ҳавода муаллақ туриши, унинг ортидан таралаётган нур, инсонни зиё ва ёруғликка ундовчи куч сифати намоён бўлади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Дарҳақиқат, Китоб – Ёғду, Китоб – Зиё, Китоб – Нур. Китобни қадрлаш, китоб ўқишни юксак маданиятга айлантириш, китобга бўлган ҳурматни оширишга бўлган инновацион ёндашув. Баьрерсиз – энг қулай кутубхона! Ҳеч қандай тўсиқ ва ортиқча муаммосиз китобларни қўлингизга олинг вамутолаа қилинг!

Китобларнинг 4, 6, 8 тадан жойлашув уйғунлиги, горизантал ва вертикал туриши, китоблар муқовасининг ранг-баранглигининг ўзиёқ унга меҳр уйғотади.

“Китоблар галактикаси”

Фойэдан корридорга юрганда тубсиз китоблар галактикаси тушиб қолгандек бўласиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Китоблар сизнинг ҳамроҳингиз, йўлбошчингиз, ёрқин келажакка маёқ сифатида намоён бўлади. Корридорда фақат сиз ва китоблар. Китоблар орасидан таралаётган ёруғлик, китоблар олами тафтидек роҳатбахш.

Инновацион тарих музей

Инновация – тарихни янгиланиши. Инновация – муҳаббат каби эски нарса, уни ҳар бир инсон янгилабтуради. Ушбу таълим музейда инновацион таълимнинг илк дебочасини кўришимиз мумкин.

Таълим жараёнининг кечаги кун ҳолати ва бугун куни таққослаш учун ажойиб имкон.

Бу музейга кирган ҳар бир шахс бугунги кундаги таълим воситаларидан унумли фойдаланиш, қадрига етиш ва уни янада ривожлантириш зарурлишгини чуқур англаб етади.

Инновацион аудитория ёхуд “Ижтимоий лифт”

Инновация орқали келажак. Келажак – ақлли маҳсулотлар, самарали жараён ва инновацион хизматлар орқали амалга оширилади.

Аудиторияга янгича 2 та оқ планшет кўринишидаги доска ва 1 та Интерактив доскаси қўйилган.Планшет кўринишидаги доска тингловчиларни таълим олишда замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради. Унга маркер билан ёзиш орқали тингловчи бўр ва латтадан ташқари ҳам таълим қуролларидан фойдаланган ҳолда дарс ўтиш мумкинлигини кўради. Фаолиятига танқидий назар ташлашга ундайди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Тингловчилар учун қўйилган парталар 4 гуруҳга бўлинган бўлиб, уларнинг жамоада ишлашга ўргатади. Жамоада ишлаш маданиятини, жамоанинг фикрини қўллаб қувватлашга, индивидуал, эгоистик ғоялардан воз кечишга ўргатади.

Парталар устидаги “ipad”экрани тасвири тингловчиларни инновацион технологиялар билан ишлаш кўникмасини оширишга,дарс жараёнида технологиялардан унумли ва мақсадли фойдаланиш кўникмасини шакллантиради.

Хонадаги ҳар бир таълим бериш инновацион техник воситалари халқаро таълим стандартлари асосида шакллантирилган. Тингловчиларнинг инновацион муҳитда эркин, ҳузур билан, роҳатланиб таълим олишини кафолатлайди. Хонага кирганда дастлаб Муҳтарам Юртбошимизнинг портрети хонадаги инновацион муҳит ва давлатимиз раҳбари томонидан таълимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кўлами нақадар кенглигини мазмунан ва мантиқан асослаб беради.

Инновацион лаборатория ёхуд InnoLAB

Ҳар бир соҳанинг ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот лабораторияси мавжуд бўлганидек, ушбу инновацион муҳитнинг ҳам лабораторияси ташкил этилди. Инновацион лабораторияда Таълим лойиҳалари яратилади. Педагоглар бирлашиб, жамоа бўлиб ишлашни ўрганади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган бирламчи вазифа Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб, Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш” учун энг аввало, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига ана шундай илғор технологияларни, инновацияларни жорий этишимиз шарт.

Рақамлаштириш лабораторияси–DigitalLab

Рақамлаштириш лабораторияси орқали таълим бериш воситаларини ва кўргазмаларини яратишда ва фойдаланишга туб бурилиш қилиб берадиган маскан сифатида кўришимиз мумкин.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Яратилаётган мультимедиа ишлари халқаро таълим стандартларига мослиги лабораторияда фаолият кўрсатаётган ёш инновацион педагогларнинг профессионаллари ишлаётганлигидан дарак беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?