Келажагимизнинг беш устуни

Фото: Ҳасан Пайдоев\ “Халқ сўзи”
Глобал рақобат ва қарама-қаршиликлар кучайган бугунги таҳликали замонда муваффақиятли ривожланиш учун юзага келган вазиятни ҳамда замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда янгиланиш жараёнига тайёр бўлиш қобилияти талаб этилади. Ана шундай трансформацияни таъминлай олмаслик эса, ҳеч шубҳасиз, турғунлик ва инқирозга олиб келади. Фақат ислоҳотлар йўлидан дадил бориш орқалигина давлат тараққиётининг барча йўналишида барқарор ўсишга эришиш мумкин.
Трансформацияга эҳтиёж
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, 30 апрель куни юз берган муҳим воқеа — Ўзбекистон халқининг референдум орқали янгиланган Конституцияни қабул қилгани тараққиёт сари қўйилган улкан қадам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Эл-юртимизнинг ана шундай азму қарори асосида давлатчилигимиз ва иқтисодиётимизни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилди.
Янги Конституция билан Ўзбекистон — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат, деб эълон қилинди. Асосий Қонунимизнинг биринчи бобида мустаҳкамлаб қўйилган ана шу бешта устун энг муҳим йўналишларни қамраб олади ва ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришиш имконини беради.
Суверен давлат сифатида бошқа мамлакат ёки ташкилотлардан тўлиқ сиёсий ва иқтисодий мустақиллик мустаҳкамланади ва бу ташқи таъсирларга йўл қўймайди. Демократик давлат халқ ҳокимиятини эълон қилади, фуқароларга эркин сайловлар ҳуқуқини, давлат ҳаётида фаол иштирок этиш ва қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсатиш имкониятларини кафолатлайди. Ҳуқуқий давлатда бутун ҳокимият барча учун мажбурий бўлган ва барчага бир хил қўлланувчи қонунларга бўйсунади. Ижтимоий давлат тамойилларига кўра, фуқаролар ижтимоий ҳимоя билан таъминланади, ҳокимият эса ижтимоий муаммоларни ҳал этади. Дунёвий давлатда дин давлатдан ажратилган, эътиқод ва виждон эркинлиги таъминланади, дискриминациядан ҳимояланиш кафолатланади.
Овоз бериш натижаларига эътибор берилса, фуқароларимиз тараққиётнинг навбатдаги янги босқичи учун мамлакат ҳуқуқий тизимини трансформация қилиш заруратини тўлиқ англаб етганликларини кўриш мумкин. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат бошқаруви тизими, ҳокимиятларнинг ўзаро бир-бирини тийиб туриш тамойили каби йўналишларни белгилаб берувчи Конституция бугунги кунга келиб ўзгартирилиши керак бўлди. Негаки, у айни даврдаги воқелик ва жамият эҳтиёжларига мос бўлиши лозим эди. Машҳур америкалик сиёсий арбоб Томас Жефферсон қачондир айтганидек, “Ҳар бир авлод ўз Конституциясини ёзиши керак”. Ана шу сўзлар Конституция ва ҳуқуқий тизимни вақтида янгилаб туриш бўйича далил бўла олади. Ҳар бир авлод ўзининг муаммоларига дуч келади ва уларни ҳал этишига тўғри келади. Давлат ҳам шундай — замонавий чақириқларга жавоб бериши керак.
Асосий Қонунни ва ҳуқуқий тизимни муттасил янгилаб туриш мамлакат тараққиётининг муҳим шартидир. Тарихда ҳуқуқий тизимда ўзгартишларни амалга оширмаслик охир-оқибат таназзулга олиб келганига мисоллар кўп. Масалан, Франциядаги 1789-йил инқилоби маълум маънода жамиятда ислоҳотлар амалга оширилмаганлиги ва эскирган Конституция сабабли рўй берган.
Ва албатта, Конституцияни ўзгартириш ижобий натижаларга олиб келгани бўйича ҳам кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Хусусан, XX аср бошида АҚШ ўз Конституциясини иқтисодиётнинг жадал ўсиши ва маданият бойиши жараёнларига мослаштирган, бу эса мамлакат ривожини янада юқори даражага олиб чиққан. Яна бир мисол — Япония. Иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлгач, у ўз Конституциясини ва ижтимоий тизимини ўзгартириш бўйича стратегик қадамлар ташлаган.
Асосий Қонунни ва ҳуқуқий тизимни янгилаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш учун ҳам зарур. Янгиликлар шундай ишлаб чиқилиши керакки, токи улар жамиятдаги ўзгаришларни ҳисобга олсин ва барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилсин. Россия одил судлов академиясининг конституциявий ва муниципал ҳуқуқ кафедраси профессори Александр Уляненконинг фикрича, мамлакатнинг меъёрий базаси жамиятнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётидаги ўзгаришларга мос бўлиши лозим.
Бошқача айтганда, Конституция ва ҳуқуқий тизимни доимий трансформация қилиш давлат тараққиётига хизмат қилади. Ахир куч ва яратувчанлик қудрати айнан ўзгаришларга мойиллик ва мослашувчанликда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқимизнинг референдумдаги овози, билдирган юксак ишончи барчамизга катта масъулият юклайди, эл-юртимизни рози қилиш учун бизни янги марраларга ундайди, ислоҳотларни жадал давом эттиришда янада катта куч-ғайрат ва илҳом бағишлайди.
Барқарорликнинг ҳал қилувчи аҳамияти
Бугунги кунда бутун дунё дуч келаётган фаол глобаллашув шароитида мамлакатларда ислоҳотларнинг рўёбга чиқарилиши нафақат уларнинг ривожланиши, балки халқаро майдонда рақобатбардош бўлиши учун ҳам муқаррар шартдир. Ислоҳотлар муваффақиятли бўлиши ва жиддий ижтимоий ларзани келтириб чиқармаслиги учун уларни амалга оширишда мамлакат анъаналари ва қадимий маданиятига таяниш лозим. Негаки, улар асрлар давомида шаклланган бўлиб, халқнинг бойлиги ҳисобланади. Бироқ ислоҳот ўтказиш кўпгина урф-одат ва анъаналарни эсдан чиқариш ёки йўқотишга олиб келиши мумкин, бу эса — миллатнинг ўзлиги, ўзига хослиги йўқолишига сабаб бўлади. Шу боис ҳам Ўзбекистондаги янгиланишлар жараёнида халқимизнинг ўзига хослигини белгиловчи маданият элементларини сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.
Давлатимиз раҳбарининг сўзлари билан айтадиган бўлсак: Қадим тарихимиздан келиб чиққан ҳолда, ота-боболаримизга хос эзгу қадриятларни рўёбга чиқариш, яъни инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, одамларимиз билан бамаслаҳат иш кўриш биз учун чинакам демократия намунасидир.
Албатта, ҳар қайси мамлакатда ўзгаришларга тайёр бўлмаган инсонлар бор. Лекин олдинги авлодлар тажрибасини ҳисобга олиб ва унга таяниб ўтказиладиган ислоҳотлар жамиятда стресс ҳолатига олиб келмайди, ўзгаришлар йўлини муваффақият билан босиб ўтиш имконини беради.
“Еurocontinent” нашрида чоп этилган мақолада келтирилишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар модели мамлакатни модернизация қилишга қаратилган, лекин бу жараёнда унинг илдизлари, бой маданий ва тамаддуний мероси сақланиб қолмоқда. “Ўзбекистон ўз ислоҳотлари учун илҳомни ҳам ғарбдаги, ҳам Осиёдаги мамлакатларда амалга оширилаётган ўзгаришлардан олмоқда. Лекин шунга қарамай ғарб андозаларини шундайича “импорт” қилиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас”, деб ёзди Кўҳна қитъа оммавий ахборот воситаси.
Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияси кўплаб хорижий экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Асосий Қонуннинг матнини синчиклаб ўрганиб чиқишгач, улар ушбу воқеани қўллаб-қувватлашди ҳамда Конституциянинг ўзгартирилиши демократик институтлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлайди, мамлакат иқтисодий ривожига хизмат қилади, дея эътироф этишди.
Энг кўп тарқалган фикрлардан бири — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги Конституцияни мамлакат ривожи ва демократлашувида муҳим қадам сифатида тақдим этгани ҳақидаги фикр. Экспертлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашди ҳамда конституциялар замонавий жамиятнинг талабларига жавоб бериши, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаши кераклигини таъкидлашди. Шунга мувофиқ, референдум ҳам янада кенг кўламли ва долзарб ислоҳотлар сари биринчи қадам бўлишига ишонч билдиришди.
Россиялик сиёсатшунос ва Марказий Осиё бўйича эксперт Андрей Казансев ҳам Ўзбекистоннинг янги Конституциясини қўллаб-қувватлади, ўзгартишлар янада очиқроқ ва рақобатбардош иқтисодий тараққиётга олиб келишини айтди. Унинг таъкидлашича, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш билан боғлиқ ўзгаришлар демократик институтларни мустаҳкамлайди, сўз ва фикр билдиришдаги эркинликни оширади.
Бу тезисни турли мамлакатлардаги журналистлардан ҳам эшитиш мумкин. Ҳамкасбларимиз айтишганидек, янги Конституция оммавий ахборот воситаларига, фуқаролик жамиятига ва сиёсий ҳаётнинг бошқа томонларига кўпроқ эркинлик беради. Уларнинг фикрича, бу Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини янада ривожлантириш имконини беради. Президент томонидан оммавий ахборот воситалари — халқнинг овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат органларига етказувчи таъсирчан куч, дея эътироф этилиши республика раҳбариятида ОАВнинг жамият, мамлакат ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш бўйича жиддий ниятлари борлигини тасдиқлайди.
Хорижий экспертлар референдум ва Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясини қўллаб-қувватлашмоқда ва уни янада демократик ва эркин мамлакат сари қўйилган қадам, дея эътироф этишмоқда. Улар буни янгиланишларнинг муҳим босқичи учун ҳуқуқий базани тайёрлашдир, деб аташмоқда. Шунингдек, минтақада сиёсий ва иқтисодий барқарорликни ҳамда тараққиётни таъминлашга қаратилган янада кўламдор ислоҳотларнинг муҳим қисми сифатида баҳолашмоқда.
Сен-Жермен Сиёсий фанлар олий мактаби тадқиқотчиси Энзо Падован фикрича, мамлакатнинг асосий ҳужжати бўлмиш Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказилган референдум ўзбек жамиятининг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида асосий воқеа бўлди.
— Аминманки, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, — деди француз эксперти. — Янги Конституциядаги қоидаларни рўёбга чиқариш бўйича давлат раҳбари томонидан бошланган иш жамият ривожида муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳар бир инсоннинг ролини мустаҳкамлашни алоҳида таъкидламоқчиман, бу айнан фуқаро, унинг манфаатлари ва ҳуқуқлари амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ядроси эканлигидан далолатдир. Ўзбекистон тўғри йўлдан кетмоқда, шу йўл мамлакатнинг жадал ривожланишига хизмат қилади, унинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги роли ва имижини мустаҳкамлайди.
Асосий қадриятлар
Янгиланган Асосий Қонуннинг шундай бир эътиборга молик томони борки, ҳужжатдан давлат хавфсизлиги асосларини мустаҳкамловчи қоидалар ўрин олган ва улар замонавий вазиятни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган. Сайёрамизнинг турли бурчакларида юз бераётган қарама-қаршиликлар ўз сценарийларига кўра турличадир. Аммо деярли ҳаммасининг ўзаги ва сабаблари бир хил — миллатлараро ва конфессиялараро келишмовчилик, у эса агрессияни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Президенти референдум якунлари ҳақида сўзлар экан, шундай иборани келтирди: “Халқимизда “Бирдамлик бор жойда илдамлик бор”, деган доно нақл бежиз айтилмаган”. Чиндан ҳам, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бўлган юртда албатта қут-барака, тараққиёт бўлади.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, бизнинг энг катта бойлигимиз — Ўзбекистонни ўзи учун ягона Ватан деб биладиган кўп миллатли буюк халқимиздир. Жонажон юртимизда қарор топган миллатлараро дўстлик ва аҳилликни — мана шундай бебаҳо хазинамизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг олий бурчимиздир.
Чиндан ҳам, фақатгина турли миллат, маданият ва дин вакиллари бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда яшасагина, ривожланиш ва гуллаб-яшнашга қодир бўлган жамиятни тузиш мумкин. Миллий келишмовчилик зўравонлик ва бузғунчиликка олиб келади. Миллатлараро тотувлик эса — мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг ягона калитидир.
Бундай мувофиқлик иқтисодий ўсишга ҳам хизмат қилади. Турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб яшайдиган мамлакатлар ўз салоҳияти ва ресурсларидан ҳам яхшироқ фойдаланади. Бу эса, ўз навбатида, халқни янада жипслаштиради. Машҳур сиёсатчи Нельсон Мандела айтганидек: “Дунёни ўзгартириш учун иқтисодий тараққиётдан бошқа кучлироқ восита йўқ. Ана шу ягона восита барча одамларнинг ҳаётини яхшилай олади”.
Ўзбекистон глобал миқёсда ана шундай аҳиллик ва тинчликпарвар сиёсатни намойиш этиб келмоқда. Бизнинг ташқи сиёсатимиздаги шу устувор жиҳатларга мустақил ҳинд журналисти Смита Шарма эътибор қаратди. У мамлакатимиздаги референдум жараёнини ёритишда иштирок этган эди. Журналист таъкидлашича, янги Конституциянинг асосий элементларидан бири дунё ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган тинчликпарварлик сиёсатидир.
— Янги Конституцияда келтирилишича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, чегараларнинг бузилмаслиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш принципларига асосланади, — дейди муаллиф.
Бунда хорижий компания ва бизнес вакиллари билан ўзаро муносабатларга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодиёти хорижий сармоядорларни жалб қила бошлади ва улар янгиланган ҳуқуқий базага мувофиқ қўшимча кафолатларга эга бўлишди.
— Сармоядорларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга молик, — дейди БМТнинг Париждаги университетлараро қўмитаси раиси Эрик Гишон. — Улар давлатнинг Асосий Қонунида ўз аксини топгани эса, мақтовга сазовордир. Бу жуда муҳим. Негаки, бугунги ноаниқ дунёда ҳар бир сармоядор ўзининг манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ва ўз лойиҳаларини хавфсиз мамлакатда рўёбга чиқара олишига ишониши лозим.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти ўзининг фундаментал нутқларида бир неча бор сармоядорлар ҳуқуқи ҳимоя қилиниши ҳақида айтиб ўтган. Бу эса хорижий сармоядорлар учун янада кўпроқ истиқболли имкониятлар беради.
Доимий ислоҳотлар — доимий натижа
Ўзбекистондаги муҳим сиёсий тадбирнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини фаол ва муносиб билдирдилар. Давлат раҳбари ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратди.
Ўзимизга савол берайлик, деди Президент, нима учун аҳолимиз референдумда бунчалик фаол бўлди? Нимага улар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқда? Чунки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларимизнинг қишлоқ ҳамда овулларидан тортиб, пойтахтимиз маҳалла ва кўчаларидаги улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини ўз кўзлари билан кўряптилар.
Оддийгина айтганда, мамлакатда ўтказилган референдум халқнинг умумий мақсадлар атрофида қанчалар бирлаша олиши мумкинлигини кўрсатди. Халқнинг якдиллиги шу мақсадларга эришишда ҳал қилувчи омилдир.
“Куч — бирликда” деган эди буюк Соҳибқирон. Шу эътиқодига риоя қилиб, Амир Темур улкан империя тузди, халқлар ва элатларни бирлаштирди. АҚШ Президенти Франклин Рузвельт ҳам муайян бир даврда халқни “New Deal” Қояси, яъни ишсизлик ва камбағалликка қарши кураш дастури атрофида бирлаштира олди. Натижада мамлакат инқироз ботқоғидан чиқиб, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада катта ютуқларга эришди. Ҳозирги даврда эса халқни жипслаштира олиш намунасини Хитой мисолида кўриш мумкин. Фуқароларнинг бирдамлиги туфайли иқтисодий соҳада улкан ютуқларга эришилди, Хитой дунёда етакчи давлатлардан бирига айланди.
Халқимиз Президентнинг янги Ўзбекистонни қуриш Қоясини тўла қўллаб-қувватлайди. Бу Қоянинг муваффақиятли амалга ошиши учун ислоҳотлар “нон-стоп” режимида олиб борилиши керак. Таниқли австриялик иқтисодчи Ёзеф Шумпетер “фақат доимий ислоҳотларгина доимий натижаларни беради”, деб ҳисоблаган.
Ислоҳотларнинг муваффақиятли рўёби учун бошқа бир муҳим асос — халқнинг раҳбариятга бўлган ишончи, деб ҳисоблайди Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази раҳбари Ирина Звягелская. — Мана гап қаерда, ўзига ишонган халқидан янгиланиш жараёнларини давом эттиришга мандат олиш учун Президент ўз ваколатларининг бир неча йилидан воз кечиб, муддатидан илгари Президент сайловини ўтказиш Қояси билан чиқди, деб шарҳлайди эксперт Ўзбекистон раҳбарининг қарорини.
— Бу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз халқига ҳурмати ва садоқатидан далолат беради, — деди шу муносабат билан Моквон университети проректори, Корея Республикаси Давлат қонунчилиги вазирлиги қошидаги Корея қонунчилик илмий-тадқиқот институтининг собиқ раҳбари Ри Ик Хён.
Айтиш жоизки, янги Ўзбекистонни қуриш бўйича амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар марказида айнан халқ турибди. Бир марталик компания эмас, балки мунтазам жараён бўлган кенг кўламли янгиланишлар ҳамиша халқ билан муҳокама қилинади, келишилади. Чунки ўтказилаётган ислоҳотлар унинг эҳтиёжларига мос бўлиши керак. Зеро, йўлга қўйилган очиқлик, фуқаролар билан мулоқот тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратади. Бу нафақат халқнинг ҳаёт сифатини яхшилайди, балки фуқароларнинг ҳокимиятга нисбатан ишончини шакллантиради, сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширади.
Президент Шавкат Мирзиёев жуда ўринли ибора қўллади: “Бундан буён ҳам жамият ва давлат ҳаёти, бугунги ва келгуси тараққиётига оид ҳар бир масала бўйича фақат ва фақат сизлар, донишманд, бағрикенг халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз”. Шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда қурамиз.
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий рақс санъатининг юксак намунаси бўлмиш “Лазги — Муҳаббат ва Қалб рақси” балет спектакли дунё саҳналарини забт этишда давом этмоқда
- “United Airlines“ авиакомпанияси дастурий таъминотдаги носозлик туфайли парвозларни тўхтатгани айтилмоқда
- Наманган халқаро нодавлат университетининг лицензияси бекор қилинди
- Хорижий тилни С1 даражада биладиган ўқитувчиларга қўшимча устама тўланади
- Uzbekistan Airways ва Lufthansa Technik AG ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги
- Қандай ҳолатлар муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилишига олиб келади?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг