Маҳаллада мажмуавий ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг янги тизими

15:24 14 Июль 2022 Жамият
668 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати

Давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг иштирокини ҳамда ташаббускорлигини янада ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва оилалар муаммолари билан ишлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимизнинг жорий йил 30 июнда қабул қилинган «Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда ҳар бир маҳаллада мавжуд ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва манзилли ҳал этишга комплекс ёндашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига «оилабай» ёндашув тизимини жорий этиш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш, бунга жавобгар бўлган вазирлик ва идораларнинг масъулиятини кучайтириш ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитиш тизимини янада ривожлантириш вазифалари аниқ кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, бундан буён ҳар бир оила муаммоси маҳалладаги хотин-қизлар фаоли томонидан кўриб чиқилиб, ижтимоий ҳимоя дастури рўйхатига киритилган 70 дан ортиқ ижтимоий ёрдамлардан тегишлиси айнан мижоз ( оила ёки оила аъзоларининг бирига) муаммосидан келиб чиқиб кўрсатилади. Иш жараёнида мурожаатчи муаммолари бирламчи ва мажмуавий баҳолаш босқичида аниқланиб, ижтимоий хизматлар режаси тузилади.

Айтайлик, эҳтиёжманд оила ёки мурожаатчи бир марталик ёрдам ёки осон ҳал қиладиган масала юзасидан ёрдам сўраши мумкин. Бундай ҳолатлар юқоридаги қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган чора-тадбирлар рўйхатида «паст даражадаги хатар» ҳисобланади. Агар муаммолар икки ёки ундан ортиқ бўлса, бу «ўрта даражадаги хатар» дея баҳоланади. Бунга ишга кириш, боласини боғчага жойлаштириш ва моддий ёрдам олиш билан боғлиқ ҳолатлар мисол бўлиши мумкин. Оилада муаммолар тўрт ва ундан ортиқ эканлиги аниқланса, яъни оилавий зўравонлик, спиртли ичимликка муккасидан кетиш, ишсизлик, муқим турар-жой йўқлиги ва бошқа шу каби жиддий муаммолар «юқори даражадаги хатар»га киритилади.

Маҳаллада мажмуавий ижтимоий хизмат кўрсатиш жараёнида мижоз эҳтиёжларини аниқлаш, унга тегишли хизмат кўрсатиш ҳамда белгиланган хизматларни кўрсатувчи идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боришга бевосита МФЙдаги хотин-қизлар фаоли масъул ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоли эндиликда ҳар бир оила ва унинг аъзолари муаммоларини комплекс ўрганиб, унинг сабаб ва натижалари устида ишлайди. Тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида оилавий муаммоларнинг тизимли ижроси таъминланишини назоратга олади.

Янги тизимни йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий штаблар тузилди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида пойтахтимизда мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан 28 нафар тажрибали мутахассислар учун махсус ўқув-малака курслари ташкил этилди.

Ана шу ўқув курси иштирокчиси сифатида мен ҳам вилоятнинг ҳар бири ҳудудида хотин-қизлар фаоли, яъни кейс-менежерлар фаолиятини тўғри ташкиллаштириш ва самарали иш олиб боришлари учун кўмаклашишга, давлатимиз раҳбари томонидан оила институтини ривожлантиришга доир белгилаб берилган вазифаларнинг амалий исботини топиши учун ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Гулчеҳра Жўраева, 

Фарғона вилояти оила ва хотин-қизлар

бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер